Пиреней яриморолида машҳур бўлган El Pais газетаси тарқатган маълумотга кўра, Испания Бош вазири Мариано Рахой бошқарувидаги ҳукумат Каталонияда ўтказилган референдум ва унинг натижаларини тан олмайди.

«Биз ажралишнинг олдини оламиз. Очиқ айтишим мумкин, бу рўй бермайди», — деди у.

Европада демократиянинг олий кўриниши сифатида тан олинган референдум натижасини инкор этиш ёки жараённи холис ўтказишга тўсқинлик қилиш биринчи марта юз бераётгани йўқ. Шундай экан, келгусида ана шу кўринишдаги ҳаракатлар кўҳна қитъанинг еттита ҳудудида юз бериши мумкин.

1. Шотландия, Буюк Британия

Фото: Insider.pro

Азалий орзу-умидларини бир мақсадга боғлаган шотландлар Бирлашган Қироллик таркибидан чиқишга ҳаракат қила бошлади. Шундан сўнг, 2014 йил мамлакатда мустақиллик масаласини ҳал этиш учун халқ референдуми ўтказилган. Унда иштирок этган умумий сайловчиларнинг 55 фоизи янги давлат тузилишига қарши чиққан эди.

Эндиликда Буюк Британиянинг ўзи Евроиттифоқдан ажралаётганини важ қилиб кўрсатган Шотландия Миллий партияси раҳбари Никола Стержен яна бир бор референдум ўтказишни режалаштирмоқда. Кичик парламент ва ярим автономия ҳуқуқига эга Шотландияда ҳозирда 5,2 миллион киши истиқомат қилади.

2. Фландрия, Бельгия

Фото: Insider.pro

Ҳар икки жаҳон урушида ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлган Бельгия мамлакати 1830 йилда Германия ва Франция ўртасидаги буфер ҳудуд сифатида тан олинганди. Белгиянинг мақоми бир неча даврда халқаро майдонда тан олинмай, тўқнашувларга сабаб бўлди. Энг қизиғи эса бельгияликлар яшаб келаётган давлатда икки турли элат вакиллари мавжуд: бири фламанд тилида сўзлашувчи шимолнинг консерватив руҳдаги аҳолиси бўлса, иккинчи эса француз тилида мулоқот қилувчи жануб халқи ҳисобланади.

2018 йил ўтказиладиган парламент сайловида ғолиб бўлишга катта имкониятларини сақлаб қолган N-VA партияси айнан Фландрия Республикасини мустақил кўришни хоҳлайди.

3. Баскония, Испания

Фото: Insider.pro

Автоном Баскония Республикаси президенти Иниго Уркуллу ён атрофдаги ҳодисаларга фаол муносабат билдириб борди. Боиси, унинг раҳбарлигида юрт ҳам Испания ерларида жойлашган. Аммо, басклар мустақиллик учун ҳаракатни 1959 йил ETA сепаратистик ҳаракатини ташкил этиш билан бошлаган бўлса, бора-бора намойишлар оқибатида кўплаб кишилар жабр кўра бошлади.

Айни кунларда Сорту номли партия ҳокимияти остида бирлашган барча мустақиллик учун курашиб келаётган кучлар 2,2 миллион баскларнинг эркин юртда яшашини орзу қилади.

4. Янги Каледония, Франция

Фото: Insider.pro

Келаси йилнинг ноябрь ойида Тинч океанининг жанубий қисмида жойлашган архипелаг аҳолиси Франциядан мустақил бўлиш учун халқ референдумини ўтказишни режалаштирмоқда. Айтиш жоизки, асосий материкдан узоқда жойлашган Янги Каледония ҳудуди 1853 йилдан буён Францияга қарам ҳудуд сифатида қараб келинади.

Шундан сўнг, расмий Париж архипелаг ҳудудига автономия мақомини беришга келишгандек бўлган. Аммо 1998 йилда имзоланган шартнома бандлар амалда ўз исботини топмади.

Ҳамма гап айнан мана шу ҳудудда бутун дунёда ҳозиргача маълум никель захираларининг чорак қисми жойлашганида, десак адашмаймиз.

5. Корсика, Франция

Фото: Insider.pro

Ўрта Ер денгизида жойлашган, 330 минг аҳолига эга Корсика ороли ҳам мустақил давлат бўлишга даъво қилиши мумкин. Италияга жуда яқин жойлашган, мустақил бошқа тилда сўзлашувчи Корсика аҳолиси бир неча йиллардан бери озодлик учун курашиб келмоқда.

Айни пайтда Корсика махсус маъмурий бирлик мақомига эга. Корсика Ассамблеяси эса Каталония мустақиллигини сўзсиз тан олишини билдирган.

6. Фарер ороллари, Дания

Фото: Insider.pro

Фарер оролларида 48 минг киши истиқомат қилади, холос. Дания таркибига кириб келган ушбу орол 2018 йил апрель ойида ўтказилиши режалаштирилган референдум натижасига қараб, улар ҳам мустақил бўлиши мумкин.

1948 йилдан бошлаб Фарер автоном бирлик мақомида яшаб келади, аммо халқаро муносабатлар майдонида расмий Копенгаген назоратида экани таъкидланади.

7. Ломбардия ва Венето, Италия

Фото: Insider.pro

Бу икки қадимий вилоятлар мустақил бўлишни аниқ ифода этмайди, балки кўпроқ автономия ҳуқуқи берилишини сўрайди. Мазкур масала юзасидан жорий йилнинг 22 октябрь куни халқ референдуми ўтказилиши режалаштирилган.

Аслида, мамлакат таркибидаги у ёки бу ҳудуднинг мустақилликка интилишида фақат икки омил муҳим важ сифатида кўрсатилиши мумкин: солиқ тушумларининг кам миқдорда метрополиядан ажратилиши ва ижтимоий ўзликни ифодалашда нотенгликларга дуч келиши, десак муболаға бўлмайди. Ушбу кўрсатилган ҳудудлардан кўпчилиги бой ҳудудлар ёки ижтимоий нотенглик шароитидаги ҳаёт тарзини бошдан кечирмоқда. Шунга қарамай, мустақил митти давлатларнинг келгуси ҳаёти барибир мана шу қўшни (ёки собиқ яхлит мамлакат таркибидаги) ерларга боғлиқ экан, масала анча жиддий эканини унутмаслик лозим.