Ганадаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасида портлаш рўй бериши оқибатида 6 киши ҳалок бўлиб, 45 киши жароҳатланган ҳолда шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда мамлакат ахборот вазирлигига асосланган ҳолда GhanaWeb портали хабар берди.

Портлаш шанба оқшомида рўй берган. Ҳодисага овқат тайёрлаш учун очиқ оловдан фойдаланилгани сабаб бўлган. Биринчи портлашдан кейин йўлдаги автомобиллар орқали ёнғин бошқа ёқилғи қуйиш шохобчаларига ҳам ўтган.

Ўт ўчириш хизмати маълумотига кўра, 3 киши воқеа жойида ҳалок бўлган, яна 3 киши шифохонага олиб борилгач жон берган. Айни вақтда турли даражада тан жароҳатлари олган 35 киши шифохоналарда қолмоқда. Уларнинг 4 нафари оғир аҳволда қолмоқда.

Олов камида 20та автомобилни бутунлай йўқ қилган. Хавфсизлик чоралари сифатида яқин атрофда жойлашган мактаблардан ўқувчилар эвакуация қилинган.