Хитойда кейинги 5 йил давомида йирик аксилкоррупция кампанияси доирасида партия ходимларидан 1,3 миллион нафари жазоланган. Бу ҳақда якшанба куни ХХР Коммунистик партиясининг Марказий комиссияси маълум қилди.

Жазоланганларнинг аксари паст лавозимли мансабдорлар бўлиб, улардан 648 минг нафари қишлоқ мансабдорлари ҳисобланади. Улар томонидан содир этилган коррупцион жиноятлар ўта йирик баҳоланмаган.

Асосий тергов ишлари юқори бўлмаган лавозим мансабдорларига нисбатан олиб борилган бир вақтда, сўнгги 5 йилда Хитой коммунистик партиясининг юқори мансабли аъзолари коррупция жиноятлар ва партия интизомини бузганлик учун жавобгарликка тортилган.

Комиссия маълумотларига кўра, кейинги 5 йил ичида мамлакат бўйича қарийб 155 мингта партия ташкилоти текширувдан ўтказилган. Комиссия тергов учун мансабдорлар жалб қилинган 65 мингдан ортиқ коррупцион ишни суд инстанцияларига оширган.

Коррупцияга қарши кенг кўламли кураш Си Жинпинг 2012 йили Хитой Коммунистик партиясининг бош котиблигига келганида бошланган, у 2013 йили Хитой Халқ республикаси раислигига келгач, кампания авж олганди.