Испания бош вазири Мариано Рахой мамлакат ҳукумати Каталонияга мустақиллик эълон қилишга йўл қўймаслигини маълум қилди. Бу ҳақда у El Pais газетаси учун берган интервьюсида айтиб ўтган.

У Каталония мухторияти ваколати кенгайиши тарафдорларини «экстремистлар ва радикаллар»дан қутулишга чақирган.

«Биз мустақилликнинг олдини олмоқчимиз. Айнан шунинг учун мен тўла очиқлик билан айта оламанки, бу содир бўлмайди», — деган у.

У шунингдек, Испания бўлинмаслиги, миллий бирлик сақлаб қолинишини айтган.

«Биз қонунчилик асосида барча имкониятларни ишга соламиз», — деган Рахой.

Бундан аввалроқ Испания бош вазири Каталония мустақиллиги эълон қилинишига йўл қўймасликка ваъда берганди.