КХДР раҳбари Ким Чен Ин Корея Меҳнат партияси пленуми давомида кичик синглиси Ким Ё Чжонни Сиёсий бюро Марказий кенгаши аъзоси ўринбосари этиб тайинлаган. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар бермоқда.

Ёки 28, ёки 30 ёшда бўлган Ким Ё Чжон 2015 йилда Меҳнат партиясининг асосий амалдорларидан бирига турмушга чиққанди. У сиёсий бюрода айнан қандай вазифаларни бажариши маълум эмас.

Reuters хабарига кўра, Сиёсий бюронинг 35 ёшдан кичик бўлган аъзолари фақат икки нафар, булар — Ким Чен Ин ва Ким Ё Чжон. Чжон АҚШнинг КХДРда инсон ҳуқуқлари бузилиши юзасидан тузилган санкциялар рўйхатида туради.

Ким Чен Ин КХДРни 2011 йилнинг декабридан буён бошқармоқда, у отаси Ким Чен Ирнинг вафотидан кейин ҳокимият тепасига келган. Унинг бошқаруви даврида Шимолий Корея аввалги раҳбарлар давридагидан (1952 йилдан 2011 йилгача бўлган давр) кўра кўпроқ ракета синовлари ўтказди.

КХДР Меҳнат партиясининг Сиёсий бюроси мамлакат сиёсий ҳаётидаги энг асосий орган ҳисобланади, бу орган мамлакат тақдирини ҳал қилувчи муҳим қарорларни қабул қилади.