Коста-Рика терма жамоаси ЖЧ-2018 саралаши доирасида Ҳондурасга қарши кечган учрашувнинг қўшимча дақиқаларида мағлубиятдан қутулиб қолди. Иккинчи бўлим ўрталарида Эдди Эрнандес томонидан урилган голга қўшиб берилган дақиқаларнинг бешинчиси ўтиб бораётган вақтда Кендал Уостон жавоб қайтарди 

1:1 ҳисобидаги дуранг натижа Коста-Рика миллий терма жамоасига саралаш босқичининг Шимолий Америка минтақасида иккинчи ўринни эгаллашини таъминлади.

Мексика КОНКАКАФнинг биринчи, Коста-Рика – иккинчи жамоаси сифатида Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига йўлланма олган. Кейинги турда учинчи иштирокчи маълум бўлади, тўртинчи вакил Осиёнинг бешинчи жамоасига (Австралия ёки Сурия) қарши ўтиш ўйинларида иштирок этади.

Айни вақтда гуруҳда 12 очко тўплаган АҚШ ва 10 очкоси бор Панама учинчи ўрин учун рақобат қилмоқда. Бу терма жамоалар охирги турда ўзаро ўйин ўтказади. Йўлланма учун Ҳондурасда ҳам имконият сақланиб қолган (10 очко).

Коста-Рика Жаҳон чемпионатига йўлланмани нақд қилган 13-иштирокчи бўлди. Костарикаликлар сайёранинг асосий футбол турнирига ўз тарихида бешинчи бор йўл олмоқда.

ЖЧ-2018 иштирокчилари қуйидаги рўйхатда:
Европа: Россия (турнир мезбони), Бельгия, Германия, Англия, Испания;
Осиё: Эрон, Япония, Жанубий Корея, Саудия Арабистони; 
Жанубий Америка: Бразилия; 
КОНКАКАФ: Мексика, Коста-Рика; 
Африка: Нигерия.