Москва автомобиль ҳалқа йўлининг 65-километри атрофида, Строгино тумани яқинида "Синдика" қурилиш марказининг ер ости автотураргоҳида йирик ёнғин чиқди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлигига фавқулодда хизматлардаги манба маълум қилган. Ёнғин майдони 55 минг квадрат метрдан ошиб кетган.  

Маълум қилинишича, юқори ҳароратлар оқибатида автотураргоҳдаги автомобиллар портлай бошлаган. 

Ёнғин гувоҳлари ҳам ижтимоий тармоқларда вақти-вақти билан гумбирлаш овозлари эшитилаётганини маълум қилишган.

Таъкидланишича, марказ биносининг қулаб тушиши хавфи бор. Бинодан барча одамлар олиб чиқиб кетилган. Бозорга ўз мулкини сақлаб қолиш учун кирмоқчи бўлганлар полициячилар томондан ичкарига қўйилмаяпти.

Ёнғин кундуз куни бошланган. Уни ўчиришга 25 та ўт ўчириш бригадаси, иккита Ка-32 вертолёти жалб қилинган. Ёнғин оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.