ЖЧ-2018 саралаши Европа минтақасида 9-тур учрашувлари доирасида Нидерландия Беларусни 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Нидерландлар иккита тезкор гол уриб, ўйинни ўз назоратида ўтказди.

Лекин бу ғалабадан кейин ҳам Дик Адвокат шогирдларининг вазияти оғир. 2010 йилги Жаҳон чемпионати финалчиси, 2014 йилги Жаҳон чемпионатида бронза медаллар эгаси бўлган терма жамоа Россияда кечадиган навбатдаги мундиалда қатнашиш учун фақат математик жиҳатдан имконият сақлаб қолган.

Шведлар 7 октябрь куни Люксембургни 8:0 ҳисобида мағлуб этди ва тўплар нисбатни яхшилаб олди. Эндиликда Швеция иккинчи, Нидерландия учинчи ўринда. Ўтиш ўйинларида қатнашиш учун Нидерландия охирги турда Швеция дарвозасига 7та жавобсиз гол уриши керак бўлади.

Гуруҳдаги учинчи ўйинда Франция Болгарияни Блез Матюдининг голи эвазига мағлуб этди ва очколари сонини 20тага етказиб, камида иккинчи ўринни нақд қилди. Болгарлар 12 очко билан тўртинчи ўринда қолди ва амалда мундиал йўлланмаси учун курашни тўхтатди.