Туркларнинг ҳарбий автомобиллари Суриянинг Идлиб вилоятига кирди. Бу ҳақда Reuters агентлиги ўз манбаларига асосланган ҳолда хабар тарқатди. Агентлик манбаси туркиялик ҳарбийларни ташиётган бир неча машинани кўргани ҳақида айтиб берган.

Бундан олдинроқ Туркия ҳарбийлари чегара ҳудудида «Таҳрир аш-Шом» ташкилоти жангарилари билан тўқнашгани ҳақида хабарлар берилганди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған расмий Анқара Идлибдаги хавфсизликни таъминлаш учун зарур чораларни кўриши ҳақида маълум қилганди.

«Туркия сурияликлар Ҳалабдан Идлибга қочиб ўтишини эътиборсиз қолдира олмайди. Биз уларни тақдир ҳукмига ташлаб қўя олмаймиз ва уларга ёрдам қўлини чўзамиз. Бу йўналишда зарур қадамлар ташланди»,— деганди Туркия раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, май ойида ўтказилган Остона  саммитида Сурияда 4та деэскалация ҳудуди ташкил этиш режалаштирилган — Идлиб вилоятида, шарқий Гутада, Ҳомс ва Деръа туманларида. Сентябрь ойи охирида Россия Қуролли кучлари бош штаби «Америка махсус хизматлари»ни Идлиб вилояти ҳудудидаги «Жебҳат ан-Нусра» ташкилотини қўллаб-қувватлашда айблаганди.