Собиқ иттифоқ даврида яратилган 1,5 тонналик "Молния-1-44" сунъий йўлдоши яқин икки ҳафта ичида Ерга қулаши мумкин. Бундай фикрга НАСА мутахассислари келганлар.

"Молния-1-44" Собиқ иттифоқ томондан 1979 йилда учирилган ва телеграф-телефон алоқасини таъминлаш учун мўлжалланган. 

Олимларнинг таъкидлашича, сунъий йўлдошнинг Ер атрофида айланиш тезлиги пасайган ва у яқин орада орбитадан чиқиб кетади. Шу билан бирга у шунчалик катта ўлчамларга эгаки, атмосферанинг зич қатламларида тўлиқ ёниб кета олмайди.

Мутахассислар сунъий йўлдош қаерга ва қачон қулашини аниқ айта олмаяптилар. Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, бу 20 октябргача юз бериши мумкин. 

Таъкидлаш жоизки, "Молния-1-44" орбитадан чиқиб кетаётган ягона қурилма эмас. Аввалроқ ОАВда маълум қилингандек, Собиқ иттифоқнинг яна бир сунъий йўлдоши "Космос-1345" Ерга тахминан 4 ноябрда қулайди ва унинг вазни 1700 кг ни ташкил қилади. У коинотда 1982 йилдан бери учиб юради.