IHS Markit тадқиқот агентлиги маълумотларига кўра, Apple iPhone 7 модели 2017 йилнинг биринчи ярмида энг кўп сотилган смартфон бўлган. Hi-Tech шу ҳақидаги мақоласи билан бўлишди.

Apple iPhone 7 - 2017 йилнинг энг кўп сотилган смартфони дея эътироф этилган бўлса, иккинчи ва учинчи ўринларни Apple iPhone 7 Plus ва Samsung Galaxy J2 Prime бўлишиб олди. Apple iPhone 6s тўртинчи ўринни эгаллади, Samsung Galaxy S8 ва Samsung Galaxy S8 Plus эса - бешинчи ва олтинчи ўринларда.

iPhone 7 барчасидан яхши сотилмоқда, бироқ iPhone 6s'чалик яхши эмас

iPhone 7 ва iPhone 7 Plus сотувлар рейтингининг илк икки ўрнидан жой олган бўлишига қарамай, сотилган бирликлар сони ўтган йили iPhone 6s ва iPhone 6s Plus кўрсатган натижалардан пастроқ бўлиб чиқди. Уч йил давомида iPhone 6, iPhone 6s ва iPhone 7 биринчи ярим йиллик сотувлар рейтингини барқарор бошқариб келган. Шу билан бирга, ҳар бирининг бозордаги улуши барқарор равишда 10 фоиздан 7 фоизга, жорий йилда эса 5 фоизга  пасайган.

Samsung Galaxy S8 смартфони Galaxy S7'дек сотилмаяпти

Қайд этиб ўтилганидек, Samsung Galaxy S8 бу йил рейтингда бешинчи ўринни эгаллади. IHS'нинг маълум қилишича, бу компания флагман моделлари сотувларининг бу йил кечроқ йўлга қўйилгани натижаси бўлиши мумкин. Galaxy S8 ва Galaxy S8 Plus 2017 йилнинг апрелида ишлаб чиқарилди - бу эса одатдагидан бир ойга кеч дегани. Умуман олганда, IHS Markit "Galaxy S8 / S8 Plus сотувлари Galaxy S7 / S7 edge'нинг ўтган йилги натижаларидан ўзиб кета олмади" деб ҳисоблайди.

Топ-10 рейтингдан қайси смартфонлар ўрин олган?

2017 йилнинг биринчи ярмида энг кўп сотилган смартфонлар ўнлигига Samsung компаниясининг бешта, Apple қурилмаларининг тўртта ва Oppo'нинг бир смартфони киритилди. Ойига 1 миллион бирликдан кўп сотувчи ишлаб чиқарувчилар сони жорий йилда 17тадан 22тага ошган.

Дарвоқе, iPhone 8 сотувларига старт берилган вақтдан икки ҳафта ҳам ўтмай, унинг нархи муҳим кўрсаткичдан пастлади.