АҚШнинг Туркиядаги барча дипломатик миссияларида ноиммиграцион визаларни бериш тўхтатилди. Бу ҳақда АҚШнинг Туркиядаги элчихонаси баёнотига иқтибос келтирган ҳолда ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Баёнотга кўра, АҚШни бундай чора кўришга охирги воқеалар мажбур қилган: жорий ҳафтада Туркияда АҚШ давлат департаментининг Истанбулдаги консуллиги ходими Метин Топуз "конституцияни бузиш" ва "Туркия ҳукуматини ағдаришга уриниш"да айбланиб ҳибсга олинган. Топуз мухолиф Фатҳулла Гулен ташкилоти ФЕТО билан алоқадорликда гумон қилинмоқда.

Элчихонанинг фикрича, Туркия ҳукумати АҚШ дипломатик миссиялари ходимлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича мажбуриятларини бажармаяпти. Бироқ расман ноиммиграцион визаларни бериш АҚШга ташриф буюрувчилар сонини камайтириш учун тўхтатилган, деб тушунтирилган.