Бангладешдан унча узоқ бўлмаган жойда қайиқнинг ағдарилиб кетиши оқибатида ҳалок бўлган роҳингя қочқинлари сони 12 кишига етди. Бу ҳақда Dhaka Tribune газетаси маҳаллий соҳилни қўриқлаш хизматига асосан хабар берган.

Аввалроқ икки киши ўлими ҳақида маълум қилинганди.

«Биз икки нафар роҳингянинг жасадини кеча кечқурун чиқариб олдик, яна ўн нафари бугун эрталаб (душанба) аниқланди», - деган Бангладеш соҳилни қўриқлаш хизмати вакили Арифул Ислом.

Ҳодиса якшанба куни Наф дарёсида содир бўлди, у Бангладеш ва Мьянма чегарасининг бир қисми саналади. Соҳилни қўриқлаш хизмати маълумотларига кўра, қайиқда камида 40 киши бўлган, уларнинг саккиз нафари қутқарилган. Қутқарув ишлари олиб борилмоқда. Бу икки мамлакат ўртасидаги чегарани кесиб ўтиш чоғида роҳингя мусулмонларининг ҳалок бўлиши билан боғлиқ биринчи ҳодиса эмас.

Маълумот учун, Мьянмадан Бангладешга қочиб ўтган роҳингя мусулмонларининг умумий сони 800 минг кишидан ошиб кетди.