Бангладеш яқинида роҳингя қочқинлари бўлган қайиқ чўкиб кетиши оқибатида 2 киши ҳалок бўлди, яна 30 киши бедарак йўқолди. Бу ҳақда полицияга иқтибос келтирган ҳолда Bdnews24 портали хабар бермоқда.   

Портал маълумотларига кўра, фалокат 8 октябрда Бангладеш ва Мьянма ўртасидаги чегарада жойлашган Наф дарёсида содир бўлган.  

"Қайиқ бирдан турган шамол сабабли ағдарилиб кетган. Камида 30 нафар роҳингя қочқини бедарак йўқолган", деб маълум қилди Бангладеш соҳилбўйи қўриқлаш хизмати вакили Ориф ул-Ислом.

Унинг айтишича, қайиқда камида 40 киши бўлган, 8 киши тирик қолишга муваффақ бўлган. Қидирув-қутқарув ишлари олиб борилмоқда. 

Айни вақтда Мьянмадан Бангладешга ўтган роҳингя қочқинлари 800 мингдан кўпроқни ташкил қилмоқда.