Голливуднинг бош продюсерларидан бири, "Оскар" мукофоти совриндори Харви Вайнштейн акаси Боб билан ташкил этган The Weinstein Company кинокомпаниясидан бўшатиб юборилди. Бу ҳақда Bloomberg ахборот агентлиги хабар бермоқда.    

Бундай қарор The Weinstein Company директорлар кенгаши томондан продюсер аёлларга тегажоғлиқ қилишда айблангандан кейин қабул қилинди.

"Охирги кунларда Харви Вайнштейннинг ўзини ноўрин тутиши ҳақидаги янги маълумотлар берилгани сабабли директорлар кенгаши Вайнштейн шу лаҳзадан бўшатилганини маълум қилади", деб айтилган компания баёнотида.

Аввалроқ The New York Times газетаси бир қатор аёллар, жумладан актриса Эшли Жадд ва The Weinstein Co. ходималари продюсернинг ўзини номақбул тутиши ҳақида маълум қилишган мақолани чоп этганди. Вайнштейн юристи ўз мижози ҳақида ёлғон маълумот берилганини айтган. Бироқ мақоладан кейин продюсер узр келтириб, таътилга кетган.

Вайнштейн "Ошиқ Шекспир", "Чикаго", "Инглиз бемори" каби фильмлар ва "Узуклар ҳукмдори" трилогиясига продюсерлик қилган.