Google Россия компания платформалари орқали 2016 йилги АҚШ президенти сайловлари натижаларига таъсир қилишга уринганининг исботини топди, деб хабар бермоқда компания ичидаги тергов натижалари билан таниш манбаларга иқтибос келтирган ҳолда  The Washington Post (WP) нашри. Бу мақсадда ўн минглаб долларлик реклама сотиб олинган.

Реклама YouTube, Gmail’да ҳамда DoubleClick платформасида жойлаштирилган. Реклама худди шу мақсадда Facebook’да реклама сотиб олинган манбалардан харид қилинмаган. 

Google’да расмий изоҳлар беришдан бош тортишди. 

Манбаларнинг айтишича, умумий қиймати 100 минг доллардан камроқ бўлган реклама компания томондан шубҳа остига тушган. Google ҳанузгача бу реклама Кремл билан боғлиқ тузилмалар томондан буюртирилгани ёки йўқлигини аниқлай олмаган. 

Сентябрь бошида Россиядан Facebook’да сиёсий реклама жойлаштирилгани маълум бўлганди. Бу рекламани Санкт-Петербургда жойлашган, Евгений Пригожиннинг интернет-тадқиқотлар агентлиги билан боғлиқ компаниялар сотиб олишган. Ушбу ҳолат Facebook’нинг рекламани жойлаштириш қоидаларини ўзгартиришига олиб келган: энди фойдаланувчилар у ёки бу сиёсий мақолани ким буюртирганини била олишади.