АҚШ президенти Дональд Трампнинг КХДР атрофидаги вазият ҳақида билдирган фикрлари Қўшма Штатлар ва бутун дунёдаги аҳоли учун умумий сифатида қабул қилинмаслиги керак. Бу ҳақда ХХР Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Хуа Чуньин душанба кунги брифингда айтиб ўтди.

«Унинг баёнотларидан ташқари, бошқа нуқтаи назарлар ҳам билдирилди, - дея таъкидлаб ўтди дипломат журналистларнинг саволларига жавоб қайтариб. - Мисол учун, АҚШ собиқ президенти Жимми Картер яқинда Washington Post газетасида Вашингтон Пхеньянга тинч музокараларни ўтказиш учун делегация юбориши лозимлиги таъкидланган мақолани эълон қилди».

Хуа Чуньиннинг эслатишича, қатор мамлакатларда ўтказилган жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича сўровларга кўра, жамоатчилик вазиятга ечим топишнинг сиёсий усуллари тарафдоридир. «Ушбу тадқиқотлар шуни кўрсатдики, респондентларнинг аксарияти дипломатик усулларни, шунингдек, Корея ярим оролидаги инқирозли вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш ғоясини қўллаб-қувватламоқда», - дея таъкидлаб ўтди у.

Расмий вакилнинг эслатишича, Шарқий Осиёдаги вазият Шимолий Корея муаммоси туфайли таранг бўлиб қолмоқда, шу сабабдан манфаатдор томонларнинг ҳар бири Пхеньянга нисбатан бир томонлама чоралардан қочиши ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциясига риоя этиши лозим.

Аввалроқ, Трамп журналистларга КХДР томонидан келувчи таҳдидга ягона эҳтимолий реакция ҳақидаги ўз баёнотларининг маъносини «яқинда тушунишларини» ваъда қилганди. Қўшма Штатлар раҳбари Пхеньян билан Корея ярим оролини ядро қуролидан холи ҳудудга айлантириш бўйича музокаралар навбатдаги марта муваффақиятсизликка юз тутгани ҳақида айтиб ўтди. Бироқ, у гап нима ҳақда кетаётганига ойдинлик киритмади.