11 октябрь куни Россиянинг Сочи шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси ўтказилади.

РФ президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг маълумот беришича, ҳамдўстликка аъзо давлатлар раҳбарлари жиноий йўл билан топилган даромадларни қонунийлаштиришга қарши курашиш, шунингдек, терроризмни молиялаштириш ҳамда оммавий қирғин қуролларини тарқатишга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлик концепциясини муҳокама қилишади.

Ўзбекистон ТИВ расмий сайти ушбу йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этишини тасдиқлаган. Хабарда айтилишича, мажлисда МДҲга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиши, минтақавий ва халқаро миқёсдаги масалалар юзасидан фикр алмашиши, 2018 йилда Ҳамдўстликка раислик қиладиган давлат масаласини кўриб чиқиши кутилмоқда. 

Саммит якунида МДҲга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарларининг Оила институти ва анъанавий оилавий қадриятларни қўллаб-қувватлаш бўйича баёноти, 2019 йилни Китоб йили, 2020 йилни 1941-1945 йиллардаги улуғ Ватан урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги йили, деб эълон қилиш ҳақида қарор, шунингдек, Ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган бошқа ҳужжатлар қабул қилиниши режалаштирилган. 

Ўзбекистон Президенти Сочи шаҳрида икки томонлама қатор учрашувлар ҳам ўтказади.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев МДҲ давлатлари раҳбарлари йиғилишида иштирок этишдан бош тортган.