Microsoft ижрочи директори Жо Бельфиорнинг маълум қилишича, компания Windows 10 Mobile учун янги қурилмалар ва янгиланишларни яратмайди. Бу ҳақда у Twitter’да ёзган.

«Албатта, биз платформани қўллаб-қувватлашда давом этамиз... Хатоларни тўғрилаб борамиз ҳамда хавфсизлик тизимлари янгиланишларини чиқариб борамиз ва ҳоказо, - дея маълум қилди Бельфиор. - Лекин янги функциялар ва қурилмаларни чиқариш режалаштирилмаган».

Шунингдек, унинг айтишича, компания иловалар ишлаб чиқувчиларини жалб қилишга ҳаракат қилмоқда: «Биз уларга пул тўлаганмиз, уларнинг ўрнига иловаларни яратганмиз». Бироқ, фойдаланувчилар сонининг камлиги кўплаб компаниялар платформага сармоя киритишни истамаслигига олиб келди.

Ўтган йилнинг май ойида Microsoft мобиль бўлинмалардан 1,8 мингдан зиёд ходимни ишдан бўшатиш ниятида эканини маълум қилганди. Шу билан бир вақтда корпорация Lumia смартфонларини чиқаришдан воз кечди ва бор эътиборини Surface бренди остидаги янги маҳсулотлар қаторига қаратди.