Шу йилнинг 11 сентябридан эътиборан Россиянинг 144 шаҳрида, жами 2300 дан ортиқ аноним телефон қўнғироғи орқали, портлаш хавфи тўғрисида хабар берилган. Бу ҳақда ТАСС кучишлатар идораларга таяниб хабар бермоқда.

«11 сентябрдан 9 октябрга қадар 144 шаҳарда "телефон террорчилар" ҳужумига 2300 дан ортиқ объект учраган. Уларнинг ичида савдо марказлари, мактаблар, темир йўл бекатлари, аэропортлар, кинотеатрлар, тунги клублар ва давлат ҳокимияти идоралари бор.

Воқеа натижасида 950 мингдан ортиқ инсон эвакуация қилинган" - деди манба.

Айтиш жоизки, "бомба борлиги" ҳақидаги барча хабарлар ёлғон бўлиб чиққан.

Аввалроқ, Россия федерацияси хавфсизлик хизмати (ФХХ) раҳбари Александр Бортников барча ҳужумлар россиялик фуқаролар томонидан, хориждан туриб амалга оширилганини, уларнинг Россия ҳудудида шериги борлигини айтган эди.

«Осон бўлмаса-да, биз бу шахсларни аниқладик - улар Россия фуқаролари. Уларнинг тўрт нафари хориждан туриб шу ишларни амалга оширган - бу аниқ. Уларнинг шериклари эса мамлакат ҳудудида. Ҳозирги пайтда қидирув-тергов ишлари олиб борилмоқда», — деди у.

Энди Россия ФХХ қонунчилик билан шуғулланувчи депутатлар билан юзага келган вазиятни муҳокама қилишни режалаштирмоқда. Россия ҳудудидаги объектларда бомба борлиги ҳақида ёлғон хабар тарқатувчиларни излаш ва қўлга олиш ишлари хорижий кучишлатар идоралари билан ҳамкорликда олиб борилмоқда.