Маҳмуджон Мадаминов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) тадбиркорлик фаолияти учун яратилган шарт-шароитлар, имкониятлардан фойдаланган. Бироқ ҳуқуқларини тасарруф этган-у, мажбуриятларини адо этишга келганда ғирромлик қилган, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.

Ҳужжатли тафтишда аниқланишича, у раҳбарлик қилган “Soft Gold Wage” МЧЖ томонидан 2015 йил ва 2016 йилнинг 9 ойи мобайнида 11 млрд. 282 млн. сўмлик маҳсулот айланмаси амалга оширилган. Жамият раҳбари ДСИга тақдим этган ҳисоботларда эса солиққа тортиладиган базани 1 млрд. 661 млн. сўмга камайтириб кўрсатган. Натижада давлат бюджетига тўланиши лозим бўлган 83 млн. сўмликдан зиёд солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар тўланмаган. Яъни тадбиркор шунча миқдордаги солиқларни тўлашдан қасддан бўйин товлаган.

Бундан ташқари, у тегишли қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда, бир йил-у тўққиз ой мобайнида 7 млрд. 389 млн. сўмга пул ўтказиш йўли билан харид қилинган тез сотиладиган харидоргир маҳсулотларни нақд пулга сотиб, савдо пулларини банк муассасасига топширмаган.

Савдо қоидаларини жуда кўп миқдорда бузиб, солиқ тўловларини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган М.Мадаминовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши судда кўрилди.

Судланувчининг айби иқрорлигидан ташқари ҳужжатли далиллар ҳам исботини топди. ДСИнинг қарорига мувофиқ равишда 30 кун муддат ичида қўшимча ҳисобланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ихтиёрий тўлагани эътиборга олинган ҳолда М.Мадаминовга суд энг кам ойлик иш ҳақининг бир юз эллик баравари миқдорида жарима жазоси тайинлади.