Туркия прокуратураси Анқара ва Вашингтон ўртасидаги дипломатик можаро авж олаётган бир вақтда АҚШнинг Истанбулдаги бош консуллигининг яна бир ходимини ушлашга ордер берди. Бу ҳақда NTV телеканали хабар бермоқда.  

Аввалроқ АҚШ бош консуллигининг ходими Метин Топуз ҳибсга олинганди. Топуз ФЕТО ташкилоти билан алоқадорликда, жосуслик ва Туркия ҳукуматини ағдаришга уринишда айбланмоқда. АҚШ унга қўйилаётган айбловларни асоссиз ва Туркия билан анча йиллик ҳамкорлик муносабатларига путур етказувчи деб ҳисобламоқда. 

АҚШ Топузнинг қўлга олинишига жавоб тариқасида турк фуқароларига ноиммиграцион визалар беришни тўхтатиб қўйди. Ўз навбатида Туркия ҳам бунга жавобан худди шундай чора қўллади.

Телеканал маълумотларига кўра, ушланмоқчи бўлган америкалик дипломат бош консуллик биносида қолмоқда. Бу орада Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари унинг рафиқаси ва фарзандини сўроқ қилмоқдалар. У Туркия томондан ФЕТО билан алоқадор деб ҳисобланадиган Bank Asya банкига пул ўтказиб берганликда айбланмоқда.