Вазирлар Маҳкамаси топшириғига кўра, Ўзбекистонда мобил алоқа қурилмаларини мажбурий рўйхатдан ўтказиш бўйича янги қарор ишлаб чиқилди. Ушбу қарор лойиҳасини амалга оширишдан кўзланган асосий мақсад - Ўзбекистонга олиб кирилаётган мобил алоқа воситаларини ҳисобга олиш, хусусан мамлакатимизга олиб кирилаётган мобил қурилмаларнинг халқаро идентификация коди билан мажбурий рўйхатдан ўтказиш тизимини тартибга солиш кўзда тутилган.

Мобил қурилмаларни ўғирлаш ҳолатларига қарши янги лойиҳа ишлаб чиқилмоқда

Шу ўринда савол туғилади: Хўш, халқаро идентификация коди деганда нима назарда тутилади? 

Kun.uz мухбири шу мавзу юзасидан вазирликка ташриф буюриб вазирлик мутахассислари билан суҳбат қилди.

Халқаро идентификация коди яъни IMEI (International Mobile Equipment Identity) код – ҳар бир аппаратда бўлувчи такрорланмас идентификатор бўлиб, мобил қурилмаларни кузатиб юришга мўлжалланган.

Лойиҳа аҳоли фикр-мулоҳазалари ва муносабатларини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига қўйилди. Ижтимоий тармоқларда эса мазкур янгилик катта муҳокамаларга сабаб бўлди ва фойдаланувчилар орасида бу тизимга нисбатан салбий муносабатлар, тушунмовчиликлар пайдо бўла бошлади.

Албатта, бунга асосий сабаб омманинг қарор моҳиятини, мақсад ва вазифаларини тўлақонли тушуниб етмаганидадир. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Мобил алоқа бўлими бошлиғи Тимур Машанпин мана шундай саволларга жавоб берди.

Фото: Kun.uz

Маълум бўлишича, юртимизда янги лойиҳанинг ишга туширилиши учун етарлича асослар мавжуд. Келинг, уларни бирма-бир санаб ўтамиз:

1. Бугунги кунда норасмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳудудига хориждан 2-3 миллионга яқин мобил телефонлар олиб кирилади. Бундан бор-йўғи 50 мингтасигина божхона ҳужжатлари расмийлаштириб, тўловлар амалга оширилганидан кейин қонуний йўл билан кириб келади. Бу эса ҳозирда аҳолимизнинг кўп қисми сертификация қилинмаган мобил қурилмалардан фойдаланаётганини англатади. Мажбурий тўловлар, солиқлар тўланмагани натижасида эса Ўзбекистон бюджетига зарар етказилмоқда.

2. Яна бир муаммо. Аҳолидан мобил алоқа сифати яхшимаслиги бўйича кўплаб мурожаатлар, шикоятлар келиб тушади. Ваҳоланки, муаммони жойига чиқиб ўрганилганда, ускунанинг ўзи носоз экани аниқланади.

3. Бундан ташқари, эндиликда ўғирланган телефонларни топиш жараёни ҳам тезлашади. Энди бировнинг йўқотиб қўйган ёки ўғирланган телефонини ишлатишдан фойда бўлмайди. Бу эса ўғрилик олдини олишга ёрдам беради.

4. Мобил қурилмаларнинг ноқонуний йўл билан кириб келиши олди олинса, Ўзбекистон ҳудудидаги ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлиги ортади ва ўзимизнинг корхоналарга кенг имконият яратилади.

Мавжуд абонентлар ҳам янги тизимда рўйхатдан ўтадими?

Бир нарсани эслатиб ўтмоқчи эдим, янги тизимнинг жорий этилиши мавжуд абонентларга ноқулайлик яратмайди. Улар автоматик тарзда тизимда рўйхатдан ўтказилади. Мавжуд абонентлар ортиқча вақт сарфлаб, навбат кутишмайди. Ўз телефонларидан эса одатдагидек, фойдаланишда давом этаверишади.

Қачон жорий этилади?

Аввалам бор, мазкур қарорни жорий қилишда бир қанча вазирликлар, давлат идоралари иштирок этмоқда. Биз эса ушбу лойиҳа бўйича жаҳон тажрибасини ҳам ўрганиб чиқдик. Ҳозирда лойиҳа тегишли идоралар билан келишилган ҳолда таклиф ва муносабатларни ўрганиш мақсадида Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жойлаштирилди. Масалан, Англия, Австралия, Ҳиндистон, Озарбойжон, Туркия давлатларида ҳам бу тизимга бир кунда ўтилмаган. Аввал, пухта концепция ва мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш қоидаларини ишлаб чиқиш талаб этилади. Вазирлар Маҳкамаси эса қачон амалиётга жорий этилишини тасдиқлаб беради.

Янги қарорнинг 2017 йил 1 декабрдан кучга кириши ростми?

Ижтимоий тармоқларда тарқалган асоссиз хабарларга кўра, Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 декабридан бошлаб IMEI коди регистрацияси бошланар экан. Бу каби хабарлар мутлақо нотўғри ва ўринсиздир. Тизимнинг қачон ишга туширилиши юзасидан алоҳида ҳукумат қарори расмийлаштирилиши ва бу жараён бошланишидан аввал тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.

Тизим қандай босқичларда амалга оширилади?

Биринчи босқичда муҳокамага қўйилган Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори тасдиқланиши, тегишли вазирлик идораларига вазифалар тақсимланиши зарур. Сўнг тахминимизча, бир ой ичида тегишли вазирлик идоралар томонидан келишилган ҳолда IMEI коди регистрацияси тўлови қиймати, қачон тизим ишга тушиши, қай тартибда амалга оширилиши каби масалаларга жавоб берувчи Вазирлар Маҳкамасининг қарори тасдиқланиши талаб этилади. Яна бир муҳим масала шундаки, ҳукумат мазкур лойиҳани маъқуллаганидан сўнггина у кейинги босқичга ўтади.

Бу иш нега айнан ҳозир бошланди?

Авваллари, мобил алоқа хизматларидан ҳамма ҳам фойдалана олмасди. Бугунги замон одами эса ҳаётини мобил қурилмаларсиз тасаввур эта олмайди. Ҳозирда Ўзбекистонда абонентларнинг сони 22 миллиондан ошган бўлиб, бу аҳолининг учдан икки қисмининг кўпи мобил алоқа воситасидан фойдаланаётганини англатади. Бундан ташқари, ҳар биримиз ёки қўшимча телефон, ёки планшетлардан фойдаланамиз, бу эса мобил ускуналарнинг сони мобил алоқа абонентларидан анча кўплигини билдиради. Мобил ускуналар сони ҳаддан зиёд ортиб кетмоқда, ҳар ким истаган еридан нима кўтариб келса, ишлатмоқда. Энди бу нарсани ҳисоб-китоб қилиш, тартибга солиш вақти келди.

Бу тизим чет эллик фуқаролар учун ҳам жорий қилинадими?

Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, сайёҳлар оқимини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Шу сабабли, уларга ҳеч қандай ортиқча ноқулайликлар туғдирилмайди. Шунингдек, роумингдаги абонентларга нисбатан ҳам тизим талаблари қўлланилмайди.

Суҳбат сўнгида яна бир бор алоҳида такидлаб ўтмоқчи эдимки, мазкур тизим яратилиши ва жорий этилишидан асосий мақсад фақатгина мавжуд қонун талаблари бажарилишини таъминлаш ва мамлакатимиздаги мобил ускуналар ҳисобини юритиш ва тартибга солиш ҳисобланади.