2017 йил 9 октябрь куни Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри яна бир йирик халқаро мусобақага мезбонлик қилди. Муҳташам “Ўзбекистон” универсал спорт саройида паралимпия дзюдоси бўйича Жаҳон кубоги мусобақаси ташкил этилди. У давлат раҳбарининг 2017 йил 9 мартдаги 2821-сонли қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида ўтказилди. 

Мазкур мусобақада дунёнинг 24 мамлакатидан келган имконияти чекланган 300 дан ортиқ спортчилар ўзаро куч синашишди. 

Мусобақада эркак дзюдочилар -60 кг, -66 кг, -73 кг, -81 кг, -90 кг, -100 кг, +100 кг вазн тоифаларида татамига чиқишди. 

Аёллар ўртасидаги баҳсларда -48 кг, -52 кг, -57 кг, -63 кг, -70 кг, +70 кг вазн тоифаларидаги спортчилар мусобақанинг олтин медали учун кураш олиб боришди. 

Қайд этиш лозимки, ўзбекистонлик паралимпия дзюдочилари мусобақани ишонч билан ўтказишди ва бу якуний натижада ҳам ўз аксини топди. 

Спортчилар умумжамоа ҳисобида 4 та олтин, 3 та кумуш ва 4 та бронза медалини қўлга киритиб, биринчи ўринни эгаллашди. Ўзбекистон паралимпия дзюдо терма жамоасида Шерзод Намозов, Феруз Соипов, Парвина Самандарова ҳамда Шуҳрат Бобоев олтин медални қўлга киритиб, Ўзбекистон байроғини баланд кўтаришди. Севинч Салаева, Нурбек Мирзаев ва Васила Алибоева иккинчи ўринни эгаллашган бўлса, Гулруҳ Раҳимова, Ферузахон Юсупова, Шариф Халилов, Ширин Шарипов мусобақанинг бронза медалларини қўлга киритишди ва умумжамоа натижасига муносиб ҳисса қўшишди. 

Терма жамоалар ўртасидаги иккинчи энг яхши натижани ҳам Осиё қитъаси вакили кўрсатди. Жанубий Корея спортчилари 4 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медални қўлга киритишди. Украина 2-0-1 натижа билан жамоалар ўртасида учинчи ўринни эгаллади.