9-10 октябрь кунларида Европада мундиалнинг яна бир нечта иштирокчилари маълум бўлади. Шунингдек, гуруҳларда 2-ўринларни эгаллаб, ноябрда плей-оффда қатнашадиган терма жамоаларни ҳам билиб оламиз. УЕФА учун 13 ўрин ажратилган, гуруҳлар сони эса, 9 та. Натижада, гуруҳлардан бири «ортиқча»лик қилиб қолмоқда, шунинг учун регламентга кўра, энг ёмон кўрсаткич қайд этган 2-ўрин соҳиби ҳам имкониятдан маҳрум бўлади. Айнан мана шу жиҳат сўнгги кунлар интригасини янада ошириб, плей-офф учун ўзига хос сиртқи курашни юзага келтирди. Келинг, мана шу мавзуга ҳам чуқурроқ ёндошиб кўрамиз.

Саралаш гуруҳлари учун қуръа ташланганда, терма жамоалар сони 53 та бўлиб, гуруҳлардан бирида Россия терма жамоаси ўртоқлик ўйинларини ўтказиши кўзда тутилганди. Шунинг учун ҳам, энг ёмон 2-ўрин соҳибини аниқлашда гуруҳдаги сўнгги жамоалар билан қайд этилган натижалар ҳисобга олинмаслиги регламентда қайд этилганди. Кейин эса, Косово УЕФА га қабул қилиниб, Россия ўрнига «бешталик» гуруҳни тўлдирди. Аммо регламент ўзгартирилмади. Демак, 2-ўринлар солиштирилганда, турнир жадвалидаги ҳолатга эмас, 6-жамоа билан ўйинлар ҳисобга олинмаган алоҳида жадвалга эътибор қаратиш лозим бўлади. 

Мана ўша жадвал:

Бу ерда айни пайтда 2-ўринда бораётган терма жамоалар эътиборга олинган, аслида гуруҳлардаги ҳолат ўзгариши мумкин. Аммо бу жиҳат ҳам ҳисоб китобимизга унчалик халақит қилмайди. 

Кўриниб турибдики, гуруҳдаги ўйинларини якунлаган Словакия терма жамоаси 12 очко тўплаган. Мана шу кўрсаткич бизга бемалол ўлчов вазифасини ўтаб бера олади – хулоса қилиш мумкинки, 2-ўрин нақд бўлган Дания, Швеция, Шимолий Ирландия, Италия, Греция терма жамоалари Словакиядан юқорида туришибди ва бу ўзгармайди. Португалия ҳам агар гуруҳда 2-ўринни оладиган бўлса, ҳаммадан юқорида турибди, мабодо ўша гуруҳдан Швейцария жадвалга қўшиладиган бўлса ҳам, 18 очкога эга бўлади. 

Гуруҳларни қараб чиқилганда, сўнгги турда 6-ўринни тарк этадиган ва бу жадвалдаги очколарни ўзгартириб юборадиган ҳолатлар ҳам кўринмади. 

Демак, «энг ёмон 2-ўрин» бўлмаслик учун Словакиядан яхшироқ натижа кўрсатиш керак бўлади. Асосий рақиблари билан сўнгги турда ўзгаро тўқнаш келадиган Уэльс ва Хорватия терма жамоалари энди, ўша ўйинда керакли натижани қўлга киритиш билан бирга, сиртдан Словакия билан ҳам курашишлари керак. 

Бу жадвалга таъсир қиладиган ўйинлар:
УЭЛЬС – ИРЛАНДИЯ
УКРАИНА - ХОРВАТИЯ

Оддий кунда Уэльс Ирландия билан, Хорватия эса, Украина билан дуранг ўйнаган ҳолда гуруҳда 2-ўринни сақлаб қолишлари мумкин бўларди. Бу вазиятда эса, ундай эмас, дуранг бу жамоаларни 2-ўринда сақлаб қолгани билан, Словакиядан ёмонроқ натижа кўрсатишларига ва плей-оффдан қуруқ қолишларига сабаб бўлади.

Хулоса қиламиз. 
Агар Уэльс ва Хорватия ўз рақибларини мағлуб этишса, гуруҳда 2-ўринни (ҳатто 1-ўринни ҳам) эгаллашади. Шу жадвалдаги очколар сони 14 тадан бўлади ва энг ёмон иккинчи ўрин эгаси – Словакия терма жамоаси бўлади. 

Агар Уэльс ва Хорватия ўз рақибларидан мағлубиятга учрашса, 3-ўринга тушиб кетишади. Аммо уларни мағлуб этган Украина ва Ирландия бу жадвалда пайдо бўлиши мумкин. Бу жамоаларнинг кўрсаткичлари Словакиядан яхшироқ. Бу ҳолатда ҳам энг омадсиз 2-ўрин соҳиби – Словакия бўлади. 

Агар Уэльс ва Хорватиядан бири дуранг ўйнаб қўйса, Словакия плей-офф иштирокчисига айланади. Дуранг ўйнаб қўйган терма жамоа 12 очко билан энг ёмон 2-ўринга айланади. 

Агар ҳар икки терма жамоа ҳам дуранг ўйнаса, Словакия плей-офф иштирокчисига айланади. Энг омадсиз жамоа Хорватия ва Уэльсдан бири бўлади. Бу жамоаларнинг тўплар нисбати бир хил +2. Лекин Уэльс кўпроқ гол урган бугунгача. Регламентга кўра, тўплар нисбати тенг бўлганида, урилган голлар сонига қаралади – демак, қайд этиладиган дурангларда нечтадан гол урилишига ҳам боғлиқ бўлиб қолади. 

Айтиш мумкинки, мана шу икки учрашувдаги рақибларнинг бирортасини ҳам дуранг қониқтирмас экан. Уэльс, Ирландия, Хорватия ва Украина терма жамоаларидан ғолиб бўлганлар камида плей-оффга боришади.

Сиз Словакия терма жамоаси мухлиси бўлсангиз, юқорида эслатиб ўтилган икки ўйиннинг ҳеч бўлмаса, биттасида дуранг бўлишига дуо қилинг. Бу ўйинларнинг ҳеч бўлмаса биттасида дуранг бўлмаса, Словакия билан эртагаёқ хайрлашишимиз мумкин.

Футбол аслида соддароқ, бу терма жамоалар мухлислари мана шундай ҳисоб китобларни амалга оширишяптими ёки йўқми, номаълум. Шунчаки, биз ўрганиб қолганмиз. 

Қаҳрамон Асланов.