9 октябрь куни 2017 йилги иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти "хулқ-атвор иқтисодиётини ўрганишга қўшган ҳиссаси учун" америкалик Ричард Талерга насиб этгани ҳақида маълум қилинди. IloveEconomics.ru лойиҳаси асосчиси Данил Фёдоров «Медуза»га хулқ-атвор иқтисодиёти нимаси билан муҳимлиги ва Ричард Талернинг кашфиётлари қандай қилиб ҳар биримизнинг ҳаётимизга таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида айтиб берди.

 

Хулқ-атвор иқтисодиёти нима?

Иқтисодиётчилар жуда узоқ вақт давомида одамларнинг ўз хулқ-атворига кўра иррационл эканига доир фактни рад этиб келишган. Классик иқтисодий назарияда инсон - чексиз ҳисоблаш қобилиятига эга, бор ахборотни таҳлил қилувчи ва доим энг яхши қарор қабул қилиши мумкин бўлган мавжудот. Ричард Талер ва бошқа тадқиқотчилар одамлар аслида ҳисоблашни яхши билмаслиги, чекланган иродага эгалиги ва рационаллиги жуда чегараланган эканини кўрсатди. Бунга қадар мазкур вазиятни тўғри моделлаштириш ҳали ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди, чунки инсон хулқ-атворини қандай қилиб моделлаштириш мумкинлиги бироз тушунарсиз эди. Талер ва бошқа қатор олимлар бунга изоҳ беришга муваффақ бўлишди.

Чекланган рационаллик. Ричард Талер одамлар қандай қилиб молиявий қарорларни енгиллаштиришини изоҳловчи ақлли ҳисоб-китоб назариясини ишлаб чиқди

Хулқ-атвор иқтисодиёти ҳақида биринчи бўлиб ким ва қачон сўз очган?

Хулқ-атвор иқтисодиёти 1970-1980-йилларда пайдо бўлган. Нобель совриндори Даниэль Канеман, ўз Нобелигача етиб кела олмаган Амос Тверски ва Канеманнинг 80-йиллардаги кўплаб ишларига ҳаммуаллифлик қилган Ричард Талерлар унинг ишланмаси билан шуғулланишган. 2002 йилда хулқ-атвор ва тажриба иқтисодиёти соҳасидаги тадқиқотлари учун Канеман - дарвоқе, иқтисодчи эмас, психолог - ва Вернон Смит олган. Ўшанда мукофотни Ричард Талерга топшириш мантиқан тўғри бўларди, бироқ Нобель қўмитаси бирйўла бир неча иқтисодиётчини мукофотлашга жазм қилмаган кўринади.

 

Умуман олганда, барча бундай тадқиқотлар иқтисодиётни психология билан боғловчи интизомий характерга эга. Психологлар иқтисодиётга қизиқа бошлашди, иқтисодчилар эса - психологияга. Иқтисодчилар одамларнинг рационал эмаслигини тушуниб етишди, шунинг учун психологияда бу ҳақида нима дейилганини кўриш керак. Психологлар эса инсон хатти-ҳаракатларига доир тадқиқотларда қўллаш мумкин бўлган қизиқарли нарсалар кўплигини англашди.

 

Ричард Талернинг хулқ-атвор иқтисодиётига қўшган ҳиссаси нимада?

Бу соҳа тадқиқотчилари одатда бир қарашда, одамлар ўзларини иррационал тутган ҳолатларни олишади ва уларнинг нима учун ўзларини бундай тутаётганини изоҳловчи иқтисодий ёки психологик эффектни топишга ҳаракат қилишади.

Дейлик "Аэрофлот" сайтидан чипта харид қилаётганингизда барча қўшимча белгилар (галочки) - масалан, суғурта полиси хариди ҳақида - хоҳишга кўра таклиф этилади. Нима учун сизга полисдан воз кечишни эмас, унга розилик бериш сўралади? Маълум бўлишича, бу катта аҳамиятга эга: инсон нафақат қўл остидаги муқобиллар орасида танловни амалга оширади, балки ўзи дуч келаётган шарт-шароитлардан ҳам келиб чиқар экан. Агар белги турган бўлса, одамлар суғурта полисига кўпроқ розилик беради, бу эса даромадда миллионли ўзгаришларга олиб келиши мумкин.

Назоратнинг етишмаслиги. Одиссей ва Сирена қисқа муддатли ва узоқ муддатли режалар ўртасида завқ олиш учун иллюстрация сифатида

Ричард Талерга кўра, инсон хулқ-атворидаги бундай хусусиятлардан нафақат пул ишлашда, балки уларни кейин хурсанд қиладиган қарорларни қабул қилишда ҳам фойдаланиш мумкин.

 

Фитнес-клубга абонемент олиб, кейин у ерга бормаслик Талер томонидан қандай изоҳланади?

Талер бир киши икки иқтисодий агентга эга бўладиган моделни яратди: бири - режалаштиради, иккинчиси -бажаради. Инсон абонемент сотиб олиш борасида қарор қабул қилаётганда унинг келгусида клубга неча марта боришига боғлиқ режаси бўлади. Абонемент сотиб олингандан кейин эса, у ерга бориш ё бормаслик қарорини жисмоний жиҳатдан бир инсон бўлишига қарамай, гўёки бошқа одам қабул қилади. Душанба куни эрталаб туриб залга бориш ё бормаслик ҳақида ўйловчи субъект, бир томондан, ўзини ухлашда давом этишга кўндиришга ҳаракат қилади, бошқа томондан эса - "мен абонементга пул тўлаб қўйдим, ахир!" дея фикрлайди. "Режалаштирувчи" ва "бажарувчи" фирма эгаси ва унинг ёлланма менежери каби бир хил муносабатларда бўлади: биринчиси иккинчисига рағбат яратиши керак. Кейин афсусланадиган пул харажати - шундай рағбатга мисол бўла олади ва фитнес-клублар буни яхши билади (шунинг учун улар асосан бир марталик эмас, йиллик абонементларни сотишади).

 

Мукофот нима учун айнан Талерга берилди?

Нобель мукофотининг унга берилишига сабаб, бу нисбатан янги йўналишлигида - унга ҳали 50 йил бўлгани йўқ.

Физикадан фарқли ўлароқ, иқтисодий йўналишдаги Нобель мукофотлари одатда қандайдир аниқ бир кашфиёт учун берилмайди. Мукофот барча хизматлар учун умумий эътироф сифатида берилади. Талернинг хизмати шундаки, у худди хулқ-атвор иқтисодиёти асосчилари Тверски, Канеман ва бошқалар каби бу ҳали урф бўлмаган пайтларда, ҳали ҳеч ким буни жиддий қабул қилмаган вақтлар улар шу мавзудаги тадқиқотлар билан шуғулланишган ва иқтисодий илм-фан ривожидан илгарилаб кетишган. Бугун эса ҳеч ким хулқ-атвор иқтисодиётини бекор гап демайди, улар эндигина тадқиқотларни бошлаганда эса ҳамма шундай деган. Улар мана шу янги йўналишни яратишди.

 

Оддий одамлар бу билимни қўллаши мумкинми?

Талернинг «Nudge: Танлов архитектураси» номли китоби бор. Унда бизнинг рационаллик билан боғлиқ кўплаб муаммоларимиз жуда ёрқин мисоллар билан келтирилган. Китобни ўқисангиз, биздан фойдаланган ҳолда қандай пул топилаётгани, "қопқонлар" қаерда қўйилиши тушунарли бўлади.

Масалан, китобда мана бундай тажриба келтирилган. Талер ва Канеман икки гуруҳ мутлақо тасодифий одамларни тўплашди. Бир гуруҳга оддий кружка бериб, уни қандай нархда сотишга тайёр эканликларини сўралган. Иккинчи гуруҳда эса кружка берилмаган, шунчаки уларни қанчага харид қилишга тайёр эканликлари сўралган. Маълум бўлишича, сотаётган гуруҳ вакиллари сотиб олаётган гуруҳдагилардан кўра кружкага юқори баҳо берган. Бу қўлга кружка берилганида уни ўзингизники эканини ҳис қилиб кўрганингиз ва шу боис уни сотишга тайёр эмаслигингиз билан изоҳланади. Шунинг учун уяли телефонлар билан савдо қилувчи супермаркетлар ёки дўконларда сизга бажонидил товарни ушлаб кўриш таклиф этилади. Шу товарни қўлингизда ушлаб турганингизнинг ўзиёқ психологик жиҳатдан сизни уни харид қилишга ундайди. Бундай хатти-ҳаракатда ҳеч қандай объективлик ёки рационаллик йўқ. Буни англаб етсангиз, аввалгидан кўра ўйлаброқ иш тутадиган бўласиз.