«Қирғизистондаги сайловларда АҚШда кузатилган қаллобликлар бўлмайди», - дея маълум қилди Қирғизистон Республикаси раҳбари Алмазбек Атамбоев Time журналига берган интервьюсида президент сифатида ўзидан кейин қандай мерос қолдириши ҳақида гапириб.

«Биринчидан, биз мамлакатда тинчлик, бирдамлик ва барқарорликка эришдик. Иккинчидан, халқнинг кайфиятини кўтардик ҳамда келажакка умид уйғотдик. Энг асосийси – инсонларни келажакни ўзлари қуришлари керак эканига ишонтирдик. Биз бунинг учун бутунлай ҳалол сайловлар ўтказилишига эришдик. Сайловлар фуқароларнинг биометрик маълумотларини текширган ҳолда ўтказилмоқда. Қирғизистондаги сайловларда АҚШдаги каби қаллобликлар имконсиздир», - дея таъкидлаб ўтган презиент.

«Сўнгги бир неча йил ичида амалдорлар ва расмийлар жамоатчилик фикрини ҳурмат қилиш ҳамда унга қулоқ тутишни, ҳаттоки ундан қўрқишни бошладилар. У Қирғизистонда муҳим ўрин тутмоқда. Бу менинг орзум эди: ҳокимият вакиллари ва амалдорларни халқ фикрини эътиборга олиш, уни ҳурмат қилиш ва ундан қўрқишга мажбурлаш», - деган Атамбоев.

Атамбоевнинг фикрича, президентлиги вақтидаги энг асосий ютуқ – эркин инсонлар мамлакатининг яратилишидир. «Бу мен мақтанишим мумкин бўлган ютуқлардан бири. Эндиликда, Қирғизистон фуқаролари тақдирлари, келажаклари ўз қўлларида эканлигини билишмоқда», - дея таъкидлаб ўтди ҚР раҳбари.