Яман ҳудудидан Саудия Арабистони томон баллистик ракета отилди. Бу ҳақда Эроннинг Press TV телеканали твиттерда маълум қилди.

Телеканал маълумотларига кўра, Qaher-2 баллистик ракетаси Саудия Арабистонининг жанубидаги Жизан вилоятига отилган.

Июлда Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция Макка томон отилган баллистик ракетани уриб туширганди. Ракета Маккадан 69 км узоқликда тўхтатилган. Коалиция маълумотларига кўра, ракетани яманлик ҳусийлар отган.

Май ойида эса ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими билан қуролланган ҳусийлар Яманнинг Саъда вилоятида Саудия Арабистони ҳарбий-ҳаво кучларининг F-15 қирувчи самолётини уриб туширгандилар. Самолёт Саудия Арабистонининг Нажрат округига тушган. 

Яманда 2014 йилдан бери исёнчи ҳусийлар ва ҳукумат қўшинлари ўртасида жанглар давом этиб келмоқда.