Amazon электрокарни ҳаракат асносида зарядлай оладиган дрон учун патент олди. Бу қурилма электромобилларнинг оммалашишига тўғаноқ бўлаётган икки муаммони ҳал қилади — уларнинг юриш узоқлиги ва инфратузилмаларнинг йўқлиги, деб ёзади GreenTechMedia.

Патентда тасвирланган жараёнга кўра, Amazon учувчисиз дронлари махсус серверлар орқали автомобилнинг заряди даражасини кузатади, сўнгра у томон учиб бориб, унинг томидаги «электробак»ка қўниб, электрокарни зарядлай бошлайди. Боз устига, бунинг учун тўхташнинг асло кераги йўқ, зарядлаш автомобиль ҳаракати чоғида ҳам давом эттирилаверади.

Ғоя ҳарбий авиациядан ўзлаштирилган. Бу соҳада кўп йиллардан бери қирувчи самолётларга парвоз чоғида осмоннинг ўзидаёқ ҳаво танкерлари ёрдамида ёқилғи қуйиш технологиясидан фойдаланиб келинмоқда.

Патентда технологиядан оддий автомобилларга ҳам ёқилғи қуйишда фойдаланиш мумкинлиги қайд этилган. Бироқ у АҚШда аллақачон қуриб битказилган 45 мингга яқин электр билан қувватлантирувчи станцияларни кераксизга айлантириб, айнан электр транспорти соҳасида катта сакрашга эришиши мумкин.

Amazon ҳам секин-аста автомобиль бозорига кириб бормоқда. Бир йилча муқаддам компания Alexa виртуал кўмакчисидан Ford автомобилларида фойдаланиш мумкинлигини эълон қилган эди. Эҳтимол, айнан Alexa ёрдамида Amazon ҳайдовчиларга «қувватловчи» дронлар буюртма қилиш имкониятини тақдим этишни мўлжаллаётгандир.

Бир неча ой аввал Amazon электромобилларни 15 дақиқада зарядловчи водородли ёқилғи ячейкалари ишлаб чиқарувчи Plug Power компаниясига сармоя ётқизган эди.

АҚШ патентлар ва маҳсулот белгилари бошқармасига топширилган патент буюртмасига кўра, Amazon гапирадиган дронлар яратишни имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда. Энди эса дрон бузилса ёки қўнишга мажбур бўлса, у инсонларга ўзидаги нуқсонни эълон қилади ва улардан нарироққа қочиб туриш ҳақида сўрайди.