Дубайдаги виртуал аукционда дунёдаги энг ноёб суперкарлардан бири Gumpert Apollo S сотувга қўйилди. Бу ҳақда The Khaleej Times нашри хабар бермоқда. Умумий ҳисобда бу машинадан 13 дона, сотувга қўйилган қора ранглисидан эса 3 дона ишлаб чиқарилган.  

Фото: twitter.com/@skater69412

Ушбу модель Emirates Auctions аукцион уйининг интеллектуал хизматларини илгари суриш доирасида Gitex 2017 технологик кўргазмасида намойиш қилинмоқда. Аукцион уйи вице-президенти Умар М.Ал-Маннайнинг айтишича, Gumpert Apollo S’нинг дастлабки нархи камида 1,5 млн дирҳамни (408 минг доллар) ташкил қилади.

Фото: twitter.com/@skater69412

"Бу моделнинг БАА ва Форс кўрфазидаги ягона нусхасидир", деб айтди Ал-Маннай.

Фото: twitter.com/@skater69412

Apollo S ўзининг кам нусхада ишлаб чиқарилувчи суперкарлари билан танилган Gumpert Sportwagenmanufaktur GmbH немис компанияси томондан ишлаб чиқарилган. Ушбу модель қуввати 750 от кучини ташкил қилувчи, 4163 куб сантиметрлик двигателга эга. Машина 100 км/соат тезликка 3 сонияда эришади. Максимал тезлиги эса 340 км/соат.