Хитойнинг айни вақтда дунёнинг энг йирик телескопи ҳисобланувчи Five hundred meter Aperture Spherical Telescope – FAST телескопи ишга туширилгандан бери ўтган вақт мобайнида биринчи марта 2 та янги пулсарни аниқлай олди. Бу ҳақда ХХР Фанлар академияси ҳузуридаги Давлат астрономия обсерваториясига асосланиб Синхуа агентлиги хабар қилмоқда

Маълум бўлишича, пулсарлардан бири Ердан 4,1 минг ёруғлик йили масофада жойлашган, иккинчи саёрамиздан 16 минг ёруғлик йили узоқликда. 

Улкан радиотелескопни қуриш ташаббуси хитойлик мутахассислар томонидан 1994 йили илгари сурилган эди. 30 та футбол майдонига тенг, яъни периметри 1,6 км, диаметри 500 метрга тенг телескопнинг қурилиши 2011 йил мартида бошланди. 

FAST 2016 йил сентябрида Гуйчжоу вилоятининг Цяньнань-Буи-Мяо мухтор ўлкаси Пинтан туманида ишга туширилди. Ҳозирда у Хитойнинг энг қиммат астрономик лойиҳаси ҳисобланади. У давлат бюджетига 1,2 млрд юанга (180 млн АҚШ доллар) тушган.

Пулсарлар катта тезликда айланувчи нейтрон юлдузлар бўлиб, улар қатъий даврий элекромагнит нурларни чиқаради.

Олимлар илк пулсарларни ўтган асрнинг 60-йиллари охирида аниқлашган. Улар тараётган сигналлар даврийлиги сабабли, олимларни ўзга сайёраликларнинг сигналлари деб баҳолашган.