Европа Кенгаши парламент ассамблеяси (ЕКПА) президенти лавозимига сайловларнинг 2-босқичига кўра ғолибни аниқлашга муваффақ бўлинмади. Бу ҳақда ЕКПАда раислик қилаётган Рожер Гейл маълум қилди

Таъкидланишича, овоз бериш бюллетенини олган 191 депутатдан 121 нафари Кипр вакили Стелла Кириакидисга, 69 депутат эса Литва вакили Эмануэлис Зингерисга овоз берган. Битта бюллетень бўш қолдирилган.

Кипр вакили рақиби устидан анча устунликка эга бўлишига қарамай, унга берилган овозлар етарли бўлмади. ЕКПА қоидаларига кўра, ғолиб бўлиш учун барча депутатларнинг кўпчилик овози, яъни 152 та овоз тўплаш керак.

Гейл сайловларнинг 3-босқичи 10 октябрь эрталаб ўтказилишини эълон қилди. Бу овоз бериш босқичида мутлақ кўпчилик мажбурий ҳисобланмайди ва ғолиб оддий кўпчилик билан аниқланади. 

Ассамблеянинг амалдаги раҳбари Педро Аграмунт соғлиғи муносабати билан истеъфога кетишга қарор қилган.