ФИФА президенти Жанни Инфантино Аргентина шарафини ҳимоя қилувчи футболчилар, «Наполи»нинг собиқ ҳужумчиси Диего Марадона билан «Барселона» тўпурари Лионель Мессини таққослаб кўрди.

Инфантино фикрига кўра, Месси Марадонага етиб олиши учун, жаҳон чемпионатида ғолиб чиқиши шарт.

«Марадона жамоада ҳал қилувчи аҳамиятга эга ролларни бажариб, совринларни ютиб олган. У ҳақиқатдан ҳам майдондаги сеҳргар эди. Биз Диегонинг футбол учун қилган хизматини ҳурмат қилишимиз шарт. У бажарган ишлар раҳбарият ёки президент қўлидан келмаслиги аниқ. Марадона Аргентина ёки «Наполи» мухлиси бўлишдан қатъий назар, футболни яхши кўриб қолишимизга сабаб бўлган.

Месси эса ўзига хос футболчи. Уларнинг ҳар иккаласи футбол тарихида из қолдирди: 80-90 йиллар Марадона даври эди, сўнгги 10 йил эса Мессига тегишли.

Марадона жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан, энди Месси ҳам шу ишни қилиши керак. Дунёда, мундиалда ғолиб чиқмаган буюк футболчилар кўп. Шунингдек, буюк бўлмаса ҳам, жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан футболчилар ҳам бор. Футболнинг гўзаллиги мана шунда.

Месси 2022 йилдаги жаҳон чемпионатида иштирок этадими? Балки иштирок этар. Агар унинг майдондаги ҳаракатларини кузатсак, ҳеч ким ундан тўпни олиб қўёлмайдигандек туюлади. Месси ҳеч қачон букилмайди ва касал бўлмайди. У шунчалик тезкорки, ҳатто исталган тақдирда ҳам унинг оёғига тепишнинг иложи йўқ», — деди Инфантино La Nación нашрига берган интервьюсида.