Франциялик чорвадорлар Лион шаҳрининг қоқ марказида жойлашган Белкур майдонига мингтага яқин қўйни бўриларнинг чорвага ҳужум қилиши юзасидан ҳукумат етарлича чора кўрмаётганига норозилик сифатида олиб чиқишди. Бу ҳақда "Фигаро" нашри хабар берди. 

Фермерлар уларга бўриларни отиш ҳуқуқи берилишини талаб қилишмоқда. Уларнинг таъкидлашича, 2016 йилда бу йиртқичлар Франция ҳудудида 10 мингга яқин қўйни бўғизлаб кетган. Фермерлар юриши куннинг ярмида бошланган ва улар ўз талабларини билдириш учун шаҳар префектураси томон йўл олишган. Акция Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари касаба уюшмалари миллий федерацияси ва Қўйчилик миллий федерацияси томондан ташкил этилди.  

Фермерларнинг норозилигига бўриларни отиш бўйича 2018-2023 йилларга белгиланган миллий режа сабаб бўлди. Фермерларнинг фикрича, бу режа етарлича миқдорда бўриларни йўқ қилишга имкон бермайди. Franceinfo’нинг таъкидлашича, бу режада 2017 йил 1 июлидан 2018 йил 30 июнигача 40 та бўрини йўқ қилишга рухсат берилган. Фермерлар эса ўз чорвасини доимий равишда ҳимоя қилишни талаб қилмоқдалар.

Режада бўрилар ҳужум қилганда иложи борича уларни қўрқитиш учун ҳавога ўқ узиш лозимлиги кўрсатилган.

Францияда бўрилар 1930-йиллар бошида деярли қирилиб кетган. 1990-йилларда улар яна кўпайишни бошлаб, ҳозирги вақтда расмий ҳисоб-китобларга кўра 360 га яқинни ташкил қилади.