Хитойнинг CASIC (Сhina Aerospace Science and Industry Corp) аэрокоинот корпорацияси Hyperloop туридаги вакуум поездлар тармоғини яратишга киришди. Корпорация бу мақсадда бутун дунё бўйича 20 тадқиқот институтидан мутахассисларни жалб қилди. Даставвал CASIC 1000 км/соат тезликка эга маглев линиясини қурмоқчи бўлганди, бироқ энди капсуласи тезлиги 4000 км/соатлик трансмиллий вакуум тармоғини яратишни мўлжалламоқда.

ChinaDaily нашри ушбу лойиҳа борасидаги янги маълумотларни чоп этди. Лойиҳанинг бош муҳандиси Мао Каининг айтишича, капсулалар туннеллар ва қувурлар бўйлаб магнит левитацияси принципи бўйича ҳаракатланади, уларнинг тезлиги шаҳарлараро сафарлар учун 1000-2000 км/соатни, халқаро сафарлар учун 4000 км/соатни ташкил қилади. Таққослаш учун, Хитойдаги энг тезюрар поездлар 350 км/соат тезликка эриша олиши мумкин, реактив йўловчи самолётлар эса 800-900 км/соат тезлик билан учади.

Ҳозирча компания тизимни қуриш учун зарур бўлган дастлабки тадқиқотларни ўтказмоқда. Шундан кейин корпорация синов трекини қуради. Бу трекда йўловчи капсулаларини 1000 км/соатгача тезлаштириш мумкин бўлади. Биринчи навбатда оҳиста тезлашиш ва тўхташ тизимини ишлаб чиқиш ҳамда қувурлар ва туннеллар конструкциясини яратиш керак бўлади.

Лойиҳанинг тахминий қиймати ҳозирча маълум қилинмаяпти. Бироқ тизим юқори талаб эвазига ўзига кетган харажатларни қоплашига яхши имкониятлар бор, чунки Хитойда тезюрар поездларда кунига 4 млн киши ҳаракатланади.

Вакуум поездлар тармоғини қуриш ғоясини 2013 йилда Илон Маск таклиф қилган. Маскда шаҳарлар ва давлатлар ўртасида тез ҳаракатланишнинг яна бир ғояси захирада бор. Бу Марс ракетаси бўлиб, у нафақат коинотга, балки Ернинг бир нуқтасидан иккинчисига ҳам учади. Бу транспорт воситаси билан Нью-Йоркдан Парижга (масофа деярли 6 минг км) ярим соатда етиб олиш мумкин бўлади.