Қуёш нурлари бинолар, фазовий кемалар ва сунъий йўлдошларни совутишнинг арзон услубига айланиши мумкин. Бу ҳолат уларни ёруғликни фильтрдан ўтказувчи бўёқ билан бўялса юз беради. Янгилик Исроилнинг SolCold фирмаси мутахассислари томонидан ихтиро қилинди.

Иссиқ об-ҳавода кондиционерлардан фойдаланиш туфайли электр энергиясини истеъмол қилиш ҳажми ошади ҳамда бу энерготармоқлар ва фойдаланувчиларнинг ҳамёнига жиддий юк бўлиб тушади. Ярон Шенхав ва SolCold фирмасидан бўлган унинг ҳамкасблари совутишнинг электр энергияси талаб этилмайдиган муқобил усулини ўйлаб топишди. «Бу худди муз қатламини томга қўйиб қўйишдек гап, у қанчалик қалин бўлса, қуёш ҳам шунча қаттиқ қиздиради», - деди тадқиқотчи.

Технологияга лазерли совутиш принципи асос қилиб олинди: ёруғлик нурининг маълум бир материаллар билан ўзаро ҳаракати ҳароратни Цельсий бўйича 150 даражага тушириши мумкин, сабаби материаллар молекулалари ўзлари билан деярли бир хил бўлган ёруғлик заррачаларини сингдиради, ҳамда кўпроқ энергияга айланувчи юқори частотали фотонларни келтириб чиқаради. Энергия йўқотилиши билан материал ҳарорати ҳам пасаяди.

Шенхав бу технологияни қуёш нури билан синаб кўришга қарор қилди. «Бинонинг иссиқлигини сингдириш ва уни нур кўринишида қайта чиқариш мумкин, - дейди у. – Қуёш чарақлаб турар экан, бино совутилишда давом этади».

Муаммо шундаки, қуёш спектри лазер нуридан анча кенгроқ. Шунинг учун олимлар худди шу вазифани тарқалган ёруғликнинг бир неча частотасида бажарувчи материални яратишди. Улар икки қатламдан иборат бўлган бўёқни ихтиро қилишди. Унинг устки қатлами баъзи қуёш нурларини фильтрдан ўтказса, ичкиси иссиқликни нурга айлантириб, ўзини атрофдагидан паст ҳароратга қадар совутади.

Материал лаборатория синовларидан муваффақиятли ўтди. Аниқланишича, совутадиган эффект бетондан кўра, металл томлар ҳамда шифти паст уйларда сезиларлироқ. Тажрибанинг кўрсатишича, бинонинг сўнгги қаватидаги хоналарда ҳарорат бўёқнинг қўлланилиши туфайли Цельсий бўйича 10 даражага пасайган. Компания синовларни яқин икки йил ичида давом эттириш ниятида.

Янги бўёқнинг нархи ҳам анча юқори – 100 кв. метр учун 300 доллар. Бу уни оммавий равишда фойдаланишга бироз тўсқинлик яратади, бироқ йирик саноат бинолари, савдо марказлари ёки стадионлар учун у қулай ечимга айланиши ҳамда энергия истеъмолини 60 фоизга камайтириш имконини бериши мумкин, деб ёзмоқда New Scientist. Шунингдек, бўёқни фазовий аппаратлар ички қисмини совутиш учун ҳам қўлланилади.