Гана давлатининг катталиги бўйича иккинчи ўринда турадиган Кумаси шаҳри. Одамлар билан гавжум, чанг-тўзонли ва нафас олиш қийин бўлган гўша. Бу ерда бой олтин захиралари мавжуд, аммо какао энг кўп экспорт қилинадиган маҳсулотдир.

Айнан мана шу шаҳарда Баба Суле тўп ортидан қувиб катта бўлади. Гуруч ва ловиядан тайёрланган овқат совиб қолган бўлишига қарамай, йигитча кун ботгунга қадар уйига қайтмайди.

Ёш футболчиларнинг муаммоси умумий: ота ўғилни таълим олиб, бирор касбга эга бўлишини, бекорчи нарсалар билан шуғулланмаслигини истайди. Баба Суле эса қариндошларининг босимига чидайди, эътибор бермайди ва футболчи бўлишни орзу қилади.

Оиладаги 14 фарзанддан 3 нафари профессионал футболни танлади. Аммо Баба Суле улардан иқтидорлироқ чиқди. У жаҳон чемпионати U-17 финалида Бразилияга гол уриб, бош совринни қўлга киритди.

***

Шунда Испаниянинг «Мальорка» клуби у билан шартнома имзолади, кейин эса «Реал» таклиф қилди. Скаутлар ёш йигитчада Клод Макелеле ўринбосари бўлиш иқтидори борлигини пайқаб қолишди – чаққон, чайир, тўп учун курашда тажовузкор ва майдон марказини назорат қилувчи Баба Суле.

Йигитча «Сантьяго Бернабеу»га келиб, карахт аҳволга тушиб қолди. «Леганес»га ижарага бериб юборилиши маълум бўлса-да, унинг оғзи қулоғида эди. Атрофга аланг-жаланг қараб, ўзини худди бир нарсадан айбдордек ҳис қилиб, мўлтиллаб турган Баба Суле зўрға овозини чиқариб: «Шу ерга имзо чекиш керакми?» - дейди.

Аммо, Баба Суле «Реал»нинг асосий таркиби уёқда турсин, ёшлар жамоасида ҳам дебют қилолмади. Жароҳатлар уни ўз гирдобига олди. Ҳаммаси африкалик сеҳргарнинг тавқи-лаънатига ўхшаш эди.

«Мальорка»да Баба Суле гепатитга чалинди. Сўнгра, «Оренсе»га ўтиб кетди. У ерда тирсагини синдириб олди. «Леганес»га келгач, Баба Суле илк ўйиндаёқ мушак пайларини узиб олди. Жароҳатидан тикланиб олгач, биринчи ўйиндаёқ тиззасини синдирди.

«Футболнинг иккита томони мавжуд экан, жароҳатлар ҳаётимни ўзгартириб юборди», – дейди ганалик хўрсиниб. Кўплаб жарроҳлик амалиётлари туфайли, унинг оёғи чандиқларга тўлиб кетган эди.

Шундан сўнг, футболчининг фаолияти пастга қараб йўналди: Каталониянинг «Лерида», Кастилянинг «Томельосо», Канариянинг «Сан-Исидро» клублари, учинчи дивизион вакиллари...

***

«Қани йигитча, орқамдан қайтар, "I’ll be the best goalkeeper in the world!". Ҳа-ҳа, шундай бўлади, ҳали кўрасан! Лекин эслаб қол: агар кўп нарсага эришмоқчи бўлсанг, имкон қадар жиддий бўлишинг керак. Бундан ташқари, фахрийларни ҳурмат қилишинг шарт!»

Сентябрь ойининг илиқ оқшомида Баба Суле ўз автомобилида бир камтар йигитчани Ильескасдан Мадридга, «Атлетико» ёшлари машғулотига олиб кетаётганди. Ярим соатлик йўлда ганалик унга инглиз тилини ҳам ўргатиб борарди.

Бу йигитча Давид Де Хеа бўлиб, унда ҳали ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқ эди. Дастлаб, уни ота-онаси машғулотларга олиб борарди. Сўнгра «Атлетико» ишончли ва футболга алоқадор ҳайдовчини топди. У Мадриднинг «Райо Махадаонда» клубидаги Баба Суле эди.

«У жуда уятчан йигит эди, аммо тезда тил топишиб кетдик. Машғулотларга олиб келганимда, инглиз тилидаги гапларни ўргатардим. Де Хеа ва унинг оиласи билан муносабатларимиз яхши бўлган. Улар билан ажойиб дамларни ўтказганман. Ҳалиям алоқамиз бор. Давиднинг ўзи билан тез-тез телефон орқали суҳбатлашамиз. У қўнғироқ қилса, бироз хавотир оламан», – дейди Баба Суле.

«Манчестер Юнайтед»га ўтгач, Давид биринчи навбатда ганалик танишига қўнғироқ қилди. У эса телефони экранида Британия рақамини кўриб ҳайрон қолган эди.

«Салом, ошна! Мен Давидман! Ҳаммаси учун сенга раҳмат!»

***

«Ишлаб топган пулларимни 13 нафар ака-укаларим, сингилларимга жўнатаман», – дейди Баба Суле.

Шу туфайли у ҳар доим қўшимча иш излаб юрган. Ҳайдовчи бўлган, баъзан электриклик қилган, сўнгра El Corte Inglés савдо тармоғи дўконида ишлаган.

Икки йил олдин, Баба Суле Сегунда В вакили «Фуэнлабрада» клубидан таклиф олади.

Унинг янги вазифаси тўпларни йиғиб келиш, бутсаларни тозалаш, либосларни ювиш эди. Бундан ташқари, Испания ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга бўлмаган ватандоши Яво Аннорга мослашиб кетишга кўмаклашиш.

«Йиллар давомида журналистлар билан суҳбат қурмагандим. Агар футболни тарк этсанг, ҳеч ким сен билан қизиқмай қўяди» - деб кутиб олди у АВС журналистларини.

«Қўнғироқ қилганингизда, мен буни экипировка маъмуримизнинг навбатдаги ҳазили деб тушунибман».

Интервью чоғида унинг лабидан табассум аримади, ишчи либосида, қўлида бир қоп тўп билан у ҳаётдан мамнун инсондек кўринарди.

«Болалар ҳаётимда юз берган воқеаларни эшитиб, профессионал футболчи бўлганимни, жаҳон кубоги финалида Бразилияга гол урганимни билиб, ҳайрон бўлишади. Уларнинг кўзларида ҳайрат ва ҳурмат аломатларини сезаман. 

Мен уларга фақат бир нарса ҳақида дарс беришим мумкин: ҳаммаси жуда яхши давом этаётганида, одам келажак ҳақида ўйламай қўяркан. Аммо, ўйлаш шарт экан».

Бир зумда унинг юзидаги табассум йўқолади, кўзларида эса аламни кўрамиз. Унинг ҳаёти ўзи хоҳламаган тарзда кечди, орзулари амалга ошмади.

«Аммо футбол менга кўплаб дўстларни тақдим қилди. Улар қийин вазиятларда менга кўмак беришди, буни унутиб бўлмайди», – дейди Баба Суле.

Шунда унинг кўзларида қувонч, лабида яна табассумни кўрамиз.

***