Қирғизистон собиқ бош прокурори, мухолиф депутат Аида Салянова ўз хизмат ваколатини суисътемол қилгани учун беш йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Sputnik Қирғизистон хабар берган.

2016 йилнинг декабрида Қирғизистон бош прокуратураси матбуот хизмати Саляновага қарши жиноий иш у адлия вазири лавозимини эгаллаган пайтида “хизмат ваколатини суистеъмол қилгани” учун қўзғатилгани ҳақида хабар қилганди. Гап 2010 йилда собиқ президент Курманбек Бакиевнинг ўғлига яқин бўлган ҳамда қидирувга берилган Алексей Елисеевнинг адвокатлик лицензияси тиклангани ҳақида бормоқда.

"Ота-Макон” фракциясидан Жўқорғи Кенеш депутати, собиқ бош прокурор Аида Салянова Бишкекнинг Ленин тумани суди қарори билан беш йилга озодликдан маҳрум этилди", - дейилади хабарда.

Агентликнинг аниқлик киритишича, Салянованинг мол-мулки ҳам мусодара қилинади. Бироқ, жазони ижро этиш ҳақидаги қарор унинг 2015 йилда туғилган фарзанди 14 ёшга тўлганидан сўнг кучга киради.

Салянова президент Бакиев ҳокимиятдан четлатилгач, Қирғизистон вақтинчалик ҳукуматининг аъзоларидан бири бўлган. У адлия вазири, кейинроқ эса бош прокурор сифатида ишлаган.