10 октябрда Мексика пойтахти Мехикода кучли зилзиладан кейин хавфли ва яшаш учун яроқсиз ҳолга келган биноларни бузиш бошланди. Бу ҳақда шаҳар мэри Мигель Анхель Мансера маълум қилди.

Аввалроқ Мансера зилзиладан кейин шикастланган 800 тадан 1000 тагача иншоот бузилиши мумкинлигини айтганди. Охирги расмий маълумотларга кўра, 19 сентябрдаги зилзила оқибатида бутун Мексика бўйлаб 369 киши, жумладан Мехикода 228 киши ҳалок бўлган. 7 сентябрда юз берган биринчи зилзила оқибатида эса 70 га яқин киши ҳаётдан кўз юмган.    

Ҳозирча шаҳар раҳбарияти 10 тадан кўпроқ уйни бузишга кўрсатма берган, улардан 3 тасида ишлар бошлаб юборилган.

"Сизнинг хавфсизлигингизни таъминлаш мақсадида зилзиладан талофат кўрган биноларни бузиш бўйича ишлар бошланди", деб ёзган мэр твиттерда.

Мексика президенти Энрике Пенья Ньетонинг баҳолашича, зилзиладан кейинги  вайроналарни тиклаш учун 37,5 миллиард песо (2 млрд доллардан кўпроқ) керак бўлади.