Ўзбекистонда валюта сиёсатини эркинлаштириш, аҳоли ва бизнес вакилларидан чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш тартибини такомиллаштириш, айирбошлаш пунктлари тармоғини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар мажмуасини амалга ошириш давом этмоқда. Яқин келажакда бу йўналишда яна бир қадам ташланади - фуқароларга нақд хорижий валютани сотиш йўлга қўйилади.

Шу билан бирга, чет эл пул маблағларини ноқонуний сотиш билан шуғулланувчи «валютафурушлар», ушбу ўтиш даври мобайнида мамлакатнинг молиявий тизимига алоҳида хавф туғдиради. Улар нафақат иқтисодиётнинг яширин сектори ривожланишига ҳисса қўшадилар, балки мамлакат фуқароларини очиқчасига алдашади, уларни «талашади» ёки сохта долларларни таклиф этишади. Бутун мамлакатда бундай ҳуқуқбузарликлар билан курашиш учун Миллий хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг махсус тезкор гуруҳлари тузилди, улар қора бозорни йўқ қилишга қаратилган рейдларни ўтказишда давом этмоқда.

Куни кеча МХХ ва Департамент ходимлари Тошкентнинг Яккасарой туманида яшовчи 38 ёшли Бахтиёр Тожиевни жиноят устида қўлга олишди. У узоқ муддат давомида ўз уйида валютани ноқонуний айирбошлаш билан шуғулланган. Ушбу шахснинг яшаш жойи текширилганда, 110 евро, 19,1 минг доллар ва 268,5 миллион сўм миқдорида маблағ аниқланди. Пуллар кейинчалик «Ипотека банк» АТИБга топширилди.

Бундан ташқари, Хонобод (Андижон вилояти)да ўтказилган махсус амалиёт давомида 27 ёшли Камолиддин Юнусов ва 29 ёшли Азизбек Ботиров бир доллар учун 8150 сўмлик курсда 45,6 миллион сўмни 5 600 долларга ноқонуний равишда алмаштириб бериш чоғида қўлга олинди. 

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан ушбу ҳолатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) бўйича ишлар қўзғатилди. Тергов давом этмоқда.