Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 9 октябрда «Кафолат Суғурта компанияси» Акционерлик жамияти фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан «Кафолат Суғурта компанияси» АЖнинг асосий мақсад ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

биринчидан, тадбиркорлик субъектларига суғурта ҳимоясини гаров ва лизинг объектларини зарар, ёнғин ва табиий офатлардан суғурталаш, шунингдек, мулк, асбоб-ускуналар ва транзит товарларнинг ҳамда тадбиркорлик фаолиятининг барча хавфларидан суғурталаш йўл орқали таъминлаш;

иккинчидан, саноат корхоналари ва иқтисодиёт тармоқларидаги қурилиш объектларини барча хавфлардан комплекс суғурта қилиш;

учинчидан, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича Давлат дастури доирасида юридик ва жисмоний шахсларга суғурта ҳимоясини тақдим этиш, мамлакатнинг барча ҳудудларида аҳоли қамровини «Маҳалла», «Нуроний» жамғармалари ва Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи билан биргаликда кенгайтириш;

тўртинчидан, аҳолининг шахсий суғуртаси, шу жумладан, юқумли касалликлардан суғурта қилиш бўйича суғурта ҳимояси билан таъминлаш;

бешинчидан, ёшлар учун уй-жой қуриш дастурлари бўйича уй-жойларни суғурталаш;

олтинчидан, суғурта фаолиятини янги инновацион суғурта маҳсулотларини яратиш йўли билан кенгайтириш;

еттинчидан, виртуал офис ва замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда суғурта хизматларини реализация қилишнинг янги каналларини яратиш, суғурта хизматлари реализациясини Интернет тармоғи орқали интернет-дўконни қўллаган ҳолатда, онлайн тўлов имконияти билан ривожлантириш;

саккизинчидан, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри бўйича Давлат қўмитаси билан аҳолига суғурта хизматлари кўрсатиш учун кўчмас мулк объектлари тўғрисидаги маълумотлар алмашишнинг автоматлаштирилган механизмларини татбиқ этиш;

тўққизинчидан, суғурта ва қайта суғурталаш соҳасида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш. 

Шунингдек, қарор билан Ўзбекистон Молия вазирлиги ва «Кафолат Суғурта компанияси» АЖнинг «Кафолат Суғурта компанияси» АЖ тизимида қуйидагиларни ташкил этиш бўйича таклифлари маъқулланди: 

республика ҳудудларида бўлинмаларни очган ҳолда, масъулияти чекланган жамият шаклида ҳаётни суғурталаш бўйича ихтисослаштирилган ташкилот;

тиббий суғурта, техник ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи ёрдамчи ташкилот.