АҚШ мудофаа вазири Жеймс Мэттис 9 октябрда ҳозирги халқаро вазиятни охирги 40 йил ичидаги "энг мураккаби ва жиддийси" деб атади. У бу ҳақда Вашингтондаги ҳарбий кўргазмада айтиб ўтди.

"Ҳозирги халқаро вазият менинг АҚШ қуролли кучларидаги 40 йилдан кўпроқ хизматим давомидаги энг мураккаби ва жиддийси ҳисобланади. Яқин Шарқда террорчилар катта йўқотишларга қарамасдан қотилликларни содир этишни ва парокандалик келтиришни давом эттирмоқдалар", деб айтган Мэттис.    

Мэттис, шунингдек, Эронни Яқин Шарқдаги террорчилик ҳомийси деб атади ва Эронни "издан чиқарувчи инқилобий тузум" бошқараётганини айтди. "Европада Иккинчи жаҳон урушидан бери илк маротаба миллий чегаралар куч билан ўзгартирилмоқда, чунки бир давлат қўшниларининг иқтисодиёт, дипломатия ва хавфсизлик соҳаларида қарорлар қабул қилиш ҳуқуқларини чеклаш мақсадида халқаро меъёрларни рад этишга тайёрлигини кўрсатди", деб айтмоқда Мэттис.   

У, шунингдек, Шимолий Кореянинг Тинч океанидаги иғвогар ҳаракатлари минтақадаги давлатлар ва ҳаттоки бутун сайёрага хавф солишини таъкидлаб ўтди.  

"Мудофаа вазирлигимиз ва иттифоқчиларимиз шундай воқеликка дуч келмоқда ва бизда замонавий синовларга жавоб бера оладиган қуролли кучлар бўлиши лозим", деб айтган Мэттис.