Германиянин Volkswagen концерни таркибига кирувчи Porsche компанияси Audi компаниясидан «дизель можароси» билан боғлиқ харажатларни қоплашни талаб қилди. У двигателлар дастурий таъминотини янгилаш, ҳуқуқий маслаҳат ва мижозларга зарарларни тўлашнинг миқдорини 200 млн еврога баҳолади, деб ёзмоқда Bild газетаси.

2015 йил ноябрь ойида Audi 3.0 л V6 двигателларида алдовчи дастурий таъминотларни қўллаганини тан олган эди. Айни мотор Porsche Cayenne кроссоверига ҳам ўрнатилади. Шундан сўнг, АҚШ адлия вазирлиги Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги (EPA) талабига кўра, Volkswagen концернига даъво киритди ва 600 мингдан ортиқ автомобилни қайтариб олишни талаб қилган эди. 

2017 йил ёзида Германия ҳукумати ҳам Porsche компаниясини 22 минг дона кроссоверини қайтариб олишни ва уларнинг моторини қайта дастурлашни талаб қилди. Deutsche Umwelthilfe (DUH) экологик ташкилоти эса ундан 110 миллион евро жарима ундиришни сўради.