Жорий йил сентябрида Россияда янги енгил автомобиллар савдоси 17,9 фоизга ўсди. Россияликлар бир ойда 148 минг 371 дона машина харид қилган. Таъкидланишича, савдолар ҳажми еттинчи ойдирки ўсишда давом этмоқда. Энг оммабоп моделлар рейтингида эса Кореянинг Kia Rio седани Россиянинг Lada Granta моделини бир неча ойдан бери ортда қолдирмоқда. Бу ҳақда Европа бизнеси ассоциациясининг ойлик ҳисоботида сўз юритилган. 

Унга кўра, июлдан сентябрь ойигача бўлган чорак даврда жами 410 мингта машина сотилган. Шу билан икки йил аввалги шу чорак натижасини такрорлаб, 17,7 фоизлик ўсишга эришди. Умуман компаниялар рейтингида «АвтоВАЗ» биринчи ўринни сақлаб қолмоқда. У бир ойда жами 28,2 минг автомобиль сотишнинг уддасидан чиққан. Бу аввалги кўрсаткичдан 24 фоиз кўп демакдир. Иккинчи ва учинчи ўринларда Жанубий Кореянинг икки компанияси Kia ва Hyundai бормоқда. 

Ўзбекистоннинг Ravon савдо белгиси ҳам Россия автобозорида аввалги йилга нисбатан ўз позициясини сезиларли яхшилай олмоқда дейиш мумкин. Ўтган ойда компания 1602 та машина сотган бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан (294 та) 445 фоизлик ўсиш демакдир. 

Шу йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида 9 341 дона турли маркадаги Ravon моделлари харидорларга етказиб берилган. Бу борада йиллик ўсиш 1462 фоизни ташкил этган. 

Жорий йил бошидан бери Россияда 1 129 374 автомобиль сотилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,6 фоизга кўп демакдир.