Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 октябрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун Россия Федерациясининг Сочи шаҳрига жўнаб кетди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Мажлисда МДҲга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиши, минтақавий ва халқаро миқёсдаги масалалар юзасидан фикр алмашиши, 2018 йилда Ҳамдўстликка раислик қиладиган давлат масаласини кўриб чиқиши кутилмоқда. 

Саммит якунида МДҲга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарларининг Оила институти ва анъанавий оилавий қадриятларни қўллаб-қувватлаш бўйича баёноти, 2019 йилни Китоб йили, 2020 йилни 1941-1945 йиллардаги улуғ Ватан урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги йили, деб эълон қилиш ҳақида қарор, шунингдек, Ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган бошқа ҳужжатлар қабул қилиниши режалаштирилган. 

Президентимиз Сочи шаҳрида икки томонлама қатор учрашувлар ҳам ўтказиши кўзда тутилган.