Москвадаги “Синдика” савдо мажмуасида юз берган ёнғин натижасида марказий осиёлик ўнлаб тадбиркорлар жуда катта миқдорда зарар кўришди. Бу ҳақда Тожикистон Республикаси Меҳнат, миграция ва бандлик вазирлигининг Россиядаги ваколатхонаси хабар берган.

Тадбиркорларнинг ўзлари гап ўн миллионлаб рубль ҳақида кетаётганини айтишди.

Тадбиркор Муҳаммадрасул Холовнинг сўзларига кўра, ёнғин туфайли Тожикистоннинг 50дан ортиқ фуқаросига тегишли бўлган маҳсулотлар ёниб кетган. “Менга шуниси маълумки, бошқа ҳамюртларим 20-45 млн. рубль атрофида зарар кўришди”, - деган у.

Бошқа бир тадбиркор Худойдод Жумаевнинг сўзларига кўра, қариндоши билан бирга 24 млн. рубллик зарар кўрган. "Бироқ бизнинг маҳсулотлар суғурта қилинганди ҳамда умид қиламанки, бозор раҳбарияти барча зиённи қоплаб беради”, - дейди.

Шунингдек, ёнғиндан сўнг марказий осиёлик кўплаб мигрантлар ишсиз қолгани хабар берилди.

Маълумот учун, ушбу савдо мажмуаси ёки қурилиш бозорида россияликлардан ташқари қўшни республикалардан ҳам кўплаб тадбиркорлар фаолият кўрсатишар эди. Улар орасида ўзбекистонлик тадбиркорлар ҳам бор. Улар ҳам миллионлаб рубль зиён кўришган. Кўпчилигининг омборларидаги маҳсулотлари ёниб кетган, баъзиларни ҳатто шахсий автомобилларидан ҳам айрилишди.

8 октябрь куни Москва автомобиль ҳалқа йўлининг 65-километри атрофида, Строгино тумани яқинида "Синдика" қурилиш марказининг ер ости автотураргоҳида йирик ёнғин чиққани хабар берилганди. Маълум қилинишича, юқори ҳарорат оқибатида автотураргоҳдаги автомобиллар портлай бошлаган. Ёнғин майдони 55 минг квадрат метрга тенг бўлган. Бинодан тахминан уч минг киши эвакуация қилинди. Шунингдек, савдо марказида тахминан 300 квадрат метр павильонларни қамраб олган том қулаб тушган. Ёнғинни ўчиришга 15 соат вақт кетди.