Суриядаги Хмеймим аэродромида россияликларнинг Су-24 русумли самолёти ҳалокатга учради, экипаж ҳалок бўлган. Бу маълумот Россия Мудофаа вазирлигининг ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти томонидан тасдиқланган.

«10 октябрь куни Хмеймим аэродромидан жанговар топшириқни амалга ошириш учун учиш чоғида Су-24 самолёти ҳалокатга учради», - дея маълум қилган департамент вакили.

У самолёт экипажини катапульта қилишга улгурилмагани ва улар ҳалок бўлишганини маълум қилган. Мудофаа вазирлиги самолёт қулаши оқибатида ердагилар жабрланмаганини қўшимча қилган.

Бундан аввал россияликлар самолёти иштирокидаги ҳалокатли ҳодиса 2015 йилнинг ноябрида рўй берган, ўшанда Сурия ва Туркия чегараси яқинида туркиялик учувчи томонидан Россиянинг Су-24 русумли ҳарбий самолёти уриб туширилган, ҳодиса оқибатида россиялик учувчи Олег Пешков ҳалок бўлганди.