Ноябрь ойидан бошлаб Таиланднинг денгиз ва соҳил ресурслари департаменти оммабоп соҳилларда чекишга тақиқ жорий қилишни режалаштирмоқда.

Унга амал қилмаслик, қоидабузарларга катта жарима ёки қамоқ жазоси билан хавф солади, деб хабар беради The Nation газетаси.

Нашрнинг таъкидлашича, чекиш сайёҳлар орасида машҳур бўлган 20дан ортиқ соҳилларда жорий қилинади. Уларнинг орасида Пхукет оролидаги Патонг, Паттайядаги Жамтьен ва Районгдаги Мэ Пим соҳиллари ҳам бор.

«Биз чекишни бутунлай тақиқламаймиз. Чекувчилар учун соҳил ҳудудидан ташқарида махсус жойлар ташкил қилинади. Аммо, соҳилда чекиш ва сигарета қолдиқларини қумга ташлаш тақиқланади», деган департамент бошлиғи Жатупон Бурупхат. 

Бу тақиқни бузганлик учун энг қаттиқ жазо 100 минг бат (3 минг доллар) жарима ёки 1 йил муддатга қамоқ қилиб белгиланади.

The Nation газетасининг ёзишича, Денгиз ва соҳил ресурслари департаментининг ташаббуси Табиий ресурслар ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги раҳбари томонидан маъқулланган. Бундан ташқари, маҳаллий маъмурият вакиллари билан ҳам бу тадбирлар муҳокама қилинган.

Келажакда бу тақиқ Таиланднинг барча соҳилларида жорий қилиниши режалаштирилмоқда.

Чекловнинг жорий қилинишига Пхукет оролидаги Патонг соҳилида ўтказилган тадқиқот сабаб бўлган. Унинг натижасида, 2,5 км масофага эга бўлган соҳилдан 138 минг сигарета қолдиғи топилган.

Таиланднинг денгиз ва соҳил ресурслари департаменти аввал ҳам атроф муҳитнинг муҳофазаси учун амалга оширган қатъий чоралари билан ажралиб турган. Шу йилнинг февраль ойида, Андаман денгизидаги Рача-Яй оролида, 53 ёшли россиялик аёл қўлга олинган ва унга атроф муҳит муҳофазаси қоидаларини бузганлик айби қўйилган эди. Сайёҳ аёл тақиқ белгилари борлигига қарамай, балиқларни нон билан меҳмон қилган.

Аёл полиция маҳкамасида 2 кун ушлаб турилган ва 3 минг доллар гаров эвазига қўйиб юборилган. Кейинчалик суд уни 28 доллар миқдорида жаримага тортган.