Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти ва Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида Тошкент хонадонларидан бирида ноқонуний валюта олди-соттиси билан шуғулланиб келаётган шахсни ножўя қилмишлари фош этилди, деб хабар беради «O‘zbekiston 24» телеканали.

Фуқаро Баҳтиёр Тожиев ўзи яшаётган хонадонда ноқонуний валюта олди-соттиси билан шуғулланиш учун махсус «яма» ташкил этиб, мўмай даромад ортиши мақсадида валюта маблағларини айирбошлаш билан шуғулланиб келган.

Ушбу кимса, навбатдаги мижоздан 100 АҚШ долларини 807 минг сўмга сотиб олган вақтда тезкор ходимлар томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Шунингдек, Бахтиёр Тожиев қонунга хилоф равишда валюта айирбошлаш билан шуғулланиши ва хонадонидаги барча пуллар ўзига тегишли эканини тан олди.

Тадбир давомида ушбу хонадонда ноқонуний муомалага киритишга мўлжалланган 268 млн. 357 минг сўм, 1.100 евро ва 19.104 АҚШ доллари борлиги аниқланди. Буларни яхлит ҳисоблаганда жами 424 млн. 201 минг 864 сўм миқдоридаги пул маблағлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Ушбу иш юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги департамент томонидан жиноят иши қўзғатилиб, суруштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.