«Бахтли оилаларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайди, бахтсиз оилаларнинг эса ҳар бири ўзича бахтсиздир». Лев Толстойнинг бу иборасини бемалол футболга ҳам қўллаб кўрса бўлади. Муваффақиятли жамоаларга фақат қарсак чалиш ва ўйинларидан завқланиш мумкин. Омадсизликка учраган жамоалар эса ҳаммаси фарқли, ўз ҳолича сабаблари, муаммолари борки, бир-бирига умуман ўхшамайди. Ҳозиргина Австралиядан ютқазиб, мундиалдан қуруқ қолган Сурияда уруш бўлаяпти, муаммо бу ҳам, аввалроқ ўз имкониятидан маҳрум бўлган Ўзбекистоннинг муаммолари эса, бошқачароқ.

Бугун эса, атиги 3 йил олдин жаҳон чемпионатида медаль олиб, атиги 3 йилда иккита йирик мусобақада қатнашиш ҳуқуқини қўлдан бой берган Нидерландия терма жамоаси ҳақида гаплашамиз. Хўш, уларнинг муаммолари нималардан иборат?

ЭРЕДИВИЗИЯДАГИ ПАСАЙИШ

Одатдагидек, ҳар йили ёш футболчилардан таркиб топган ва жуда чиройли футбол намойиш эта оладиган Эредивизия клубларидан ҳайратга тушамиз. Европа Лигаси финалигача етиб борган «Аякс», икки йил олдин ўртача ёши 22 бўлган ҳолда мамлакат чемпионига айланган ПСВ...

Аммо аслида Эредивизиянинг айтайлик, Португалия ёки Франция чемпионатидан анча пасайиб кетганини эътиборга олиш керак. Бир қараганда, бўлажак топ-юлдузга айланиши керак бўлган футболчиларни кейинчалик, йўқотиб қўйишимизнинг сабаби шу, пастда яна келтириладиган сабаблар билан бу футболчиларнинг савияси кучли чемпионатлар учун тортмаяпти. 

Локадия, Депай, Виллемс, Брума, Нарсинягҳ, Де Йонг... Атиги икки йил олдин барчани ўзига қаратиб, Нидерландия терма жамоасининг ёрқин келажагини ваъда қилган бу ёшлар ҳозир қаерда?  Брума ва Виллемснинг етиб боргани «Вольсфбург» ва «Айнтрахт» бўлди, Де Йонг Англияда муваффақият қозона олмади, Депай Францияда ҳаммасини нолдан бошлашга мажбур бўлмоқда. 

Умуман, Европа топ-клубларининг Эредивизияга бўлган муносабати аллақачон ўзгарган, лиганинг энг юлдуз футболчилари учун ҳам нари борса 15-25 миллион евро таклиф қилишмоқда холос. Футболчилар юлдуз сифатида катта пулга эмас, захира вариант ёки мурувват сифатида олиб кетилганда, албатта, уларнинг тақдири, трансфернинг муваффақиятсиз бўлиб қолиш хавфи ҳақида ҳеч км ўйламай қўяди.

ҲУЖУМЧИЛАР МАЛАКАСИДА ПАСАЙИШ

Замонавий футболда ҳақиқий топ-голеадор футболчиларнинг камайиб кетгани сир эмас. Игуаин, Лукаку ёки Мората каби ҳақиқий «9»ликларнинг жуда қиммат нархда баҳоланаётганининг адекват сабаби ҳам мана шу. 

Нидерландия доим Марко ван Бастен, Патрик Клюйверт, Рууд ван Нистелрой, Робин ван Перси каби юқори савияли топ-ҳужумчилари билан мақтана олган. Афсуски, худди шу вазифа бугунги таркибда ўз эгасини топмай келмоқда. Эредивизияда деярли ҳар йили жуда кўп гол ура оладиган тўпурарлар пайдо бўлади, аммо юқорида айтилганидек, лиганинг савияси олдингидек эмаслиги, бу футболчиларнинг келажагини ўзгартириб юборади, уларинг кўпи бошқа лигаларга ўтганида аста-секин йўқолиб бораверди. Дост, Янссен, Люк Де Йонг, Сим Де Йонглар шулар жумласидандир. Айтайлик, Франциядаги ёш ҳужумчилар ҳозирданоқ суперюлдуз сифатида баҳоланиб, миллионлар таклиф қилинаётган бир пайтда, бугунги Локадия ёки Долбергнинг кейинги тақдири ҳам худи шундай мавҳумлигича қолмоқда.       

АВЛОДЛАР АЛМАШИНУВИ

Арьен Роббен, Робин ван Перси, Уэсли Снейдер – бу футболчилар ўн йил олдин ҳам терма жамоа етакчилари саналишган. Бу футболчилар энг чўққига чиққан пайтларида Нидерландия жаҳон чемпионати финалида майдонга тушганди. Орадан 7 йил ўтди ҳамки, бу футболчилар ҳалиям жамоа асосий таркибида майдонга тушмоқда. 

Бу футболчилар ростанам тажрибали ва иқтидорли, бунга шубҳа йўқ, лекин ёш ўтган сари уларнинг ўйинида пасайиш кузатилиши табиий ҳол. Уларнинг ёнида янги юлдузларни синаб бориш, керак бўлганида уларни алмаштиришга тайёр бўлиш улкан мураббийлик меҳнатини талаб қилади. Аммо айнан мана шу даврда Нидерландия Евро-2016 дан қуруқ қолди. 

Биринчидан, бу муваффақиятсизлик ёш футболчиларни катта мусобақа, катта вазифаларга кўниктириш имкониятидан маҳрум килди.

Иккинчидан, кейинги йирик турнирдан ҳам қуруқ қолиш хавфи футболчиларга ортиқча босим юклади.

Учинчидан, уч йиллик ўзликни ахтариш, натижаларни қисқа фурсатда яхшилашга бўлган эҳтиёж кетма-кет мураббийларнинг алмашишига олиб келди. Луи Ван Гаалдан кейинги уч йилда Гус Ҳиддинк, Данни Блинд ва Дик Адвокат ишлади. Бу ҳам ўз навбатида авлодлар алмашинуви оғриқли кечишига олиб келди. 

ЖИСМОНИЙ ТАЙЁРГАРЛИКДА ПАСАЙИШ

Аслида авлодлар алмашинуви мана шундай муваффақиятсизликлар гирдобида кечиши керак, деган қоида йўқ. Яъни бу жараён ўз холича мағлубиятлар учун омил бўла олмайди. Франция ёки Германия терма жамоасидаги ёш футболчиларга эътибор беринг, ёки мана шу Нидерландия ҳам Евро-96га 20 ёшли Зеедорф, Клюйверт билан бориб, чорак финалда иштирок этган эди. Хўш, унда муаммо нимада?

Бу муаммога икки йил олдин, терма жамоа Евро-2016 саралашида мағлубиятга учраганида, собиқ футбол юлдузи Рууд Гуллит баҳо берганди:

«Ҳозирда клублар ёш футболчиларни жуда ғўрлигида, мактаб парталаридан олиб, асосий таркибга ташлашмоқда. Яъни машғулотлар жараёнидан футболчининг ривожланиш дастури ўзгариб кетяпти»

Бу нима дегани? Бутун дунёда болалар футболида асосан жисмоний етиштириш ва чиниқтиришга эътибор қаратилаётган бир пайтда, Нидерландия футбол академиялари 14 ёшдан тўп билан ишлашга урғу берадилар. Техник томондан яхши шаклланган, тўп билан ажойиб муомала қила оладиган жуда кўп ёш футболчиларни биламизки, жисмоний тарафдан оқсайдилар. Бир пайтлар бундай енгиллик жаҳон майдонларида фойда берган, «учар голландлар» атамасини пайдо қилгандир, лекин бугун футбол ўзгариб кетди. Футболчилар бир-бирига жуда яқин ҳолатда ҳимояланмоқдалар, жисмоний бақувват бўлиш жуда муҳим талаб бўлиб қолди. Нидерландия терма жамоасида жисмоний етуклар зарур бўладиган таянч зонаси деймизми, ҳимоя маркази деймизми, шу жой жуда нозик ва енгил футболчилардан ташкил топган. 

Шу даражадаки, «Фейеноорд» ўйинчиси Де Врей терма жамоадан чақирув олгач, ўша ўйинлардаги талаблардан келиб чиқиб, жисмоний тайёргарликка зўр бериш лозимлигини англайди ва машғулотларда жисмоний машқларни кўпайтиради. Бундан аччиқланган «Фейеноорд» эса, футболчини сардорлик боғичидан маҳрум қилади.  

ТАЛАБЛАР ЎРТАСИДАГИ ФАРҚЛАР

Гўёки, Нидерландияни етакчи топ-клубларга юлдузларни етказиб берадиган давлат сифатида биламиз. Узоқ йиллардан буён сақланиб келаётган бу стереотип аслида бугун нотўғри, юзаки таҳлил қилиб ҳам буни исботлаш мумкин. Бир пайтлар голландлар асосида ажойиб жамоа тузган «Барселона» таркибида фақат дарвозабон Силессен бор – Ла Лигада якка ўзи, Германияда Роббен ва Рекик, Италияда Де Врей ва Строотман. Тўғри, Англияда ўнлаб санаш мумкин, лекин Вейналдумдан бошқа ҳаммаси иккинчи ва учинчи даражали жамоаларда ўйнашмоқда. 

Бу ерда фақат скаутликдаги хусусиятлар ёки шароитларни айтиш билан чекланиш мумкин эмас. Аслини олганда, жуда кўп нидерландияликлар АПЛга боришмоқда, аммо уларнинг энг иқтидорлилари ҳам у ернинг талабларига мос бўлиб чиқмаяпти. Эредивизияда 27 гол урган Янссен «Тоттенҳэм»да йил бўйи атиги 2 гол урди, икки йил Нидерландияда тенгсиз бўлган Мемфис Манчестерда кулгига қолди, Люк ва Сим Де Йонг каби бомбардирлар Англияда ҳатто ўртамиёналар таркибига ҳам кира олишмади. Сўнгги бир йилда Берхгейс, ван Волфсвинкел, Крул, Ассаиди, ван Гинкел, Алвес, Сим Де Йонг каби футболчилар Эредивизияга қайтиб келишди. 

«Эредивизиядаги ўйинларга қараб туриб ҳам, қайси футболчи АПЛда ўйнаб кета олишини айтса бўлади» – дейди «Вест Ҳэм» мураббийларидан бири Рори Кэмпбелл. - Жисмоний тайёргарлик учун талаб жуда юқори бўлган Англияда техникаси юқори футболчилар ўйнаб кета олиши қийин».

Бу ерда Англияга эътибор қилингани билан, етакчи терма жамоаларнинг асосини айнан шу лигада тўп сурадиган юлдузлар ташкил қилади. Албатта, бу жамоаларга қарши нидерландияликлар муаммоларга дуч келиши табиий. 

Тўғри, Нидерландиянинг бу хусусияти янгилик эмас, аммо авваллари таркибда Гуллит, Райкаард, Винтер, Давидс, Зеедорф, Клюйверт, Де Йонг каби суринамлик юлдузлар кўп бўлган. Ҳозир эса, терма жамоа асосий таркибида фақат лотин америкаликлардан Промес ва Вейналдум бор холос.  

МУРАББИЙЛАРНИНГ ПАСАЙИШИ

Қийин вазиятда қолган Нидерландияга қутқарувчи сифатида Европада аллақачон унутилаёзган Дик Адвокат тайинланишининг ўзиёқ, бу ерда мураббийларнинг таркиби ва савияси борасида таназзул эканини билиш мумкин.

Аслида, ЖЧ-2014 олдидан ҳам мамлакатда истеъдодлар инқирози бошланаётганини пайқаса бўларди. Ёшлар билан ишлай оладиган ва турли қолипларга «тупуриб қўйган» Луи ван Гаалнинг борлигигина терма жамоани шармандагарчиликдан асраб турганди. Луи ўшандаёқ жамоа келажаги шубҳали эканини сезиб турарди, шунинг учун тотал футболнинг асоси бўлмиш 4-3-3 схемасидан ҳам воз кечди ва 3 ҳимоячи билан ўйнай бошлади. У шогирдларига қарши ҳужумда ўйнашни буюрди – бу кўрсатмани баъзи ёш футболчилар умриларида биринчи марта эшитишган бўлиши ҳам табиий.  

Ван Гаал кетгач, Гуус Ҳиддинк тайинланди, Данни Блинд унга ёрдам бериши керак эди. Гуус одатий услубда ўша эски коспектларидан фойдалана бошлади – яна ўша 4-3-3. Луи тотал футболни бутун дунё ўрганиб олгани, энди жисмоний ва индивидуал устунликсиз натижага эришиб бўлмаслигини кўп бора таъкидлаган бўлса-да, Ҳиддинк кўр-кўрона эски йўлдан кетди. Унинг ўрнига келган Блинд ҳам ҳеч нарсани ўзгартирмади ёки бунинг учун унда тажриба йўқ эди. 

«Биз ҳаммасини бошидан бошлашимиз керак. Ўзимизни зўр деб ўйлашни тўхтатишимиз шарт, чунки аслида зўр эмасмиз», – деганди Арьен Роббен Евро-2016 саралашидаги муваффақиятсизликлардан кейин. 

Блинд истеъфога чиқарилгач, бошқа бир ветеран, нафақага чиқаётганини эълон қилишга улгурган Дик Адвокатдан бошқа йўл топа олишмади. Яқинда 70 ёшни қарши олган Дик Нидерландия терма жамоаси тарихидаги энг ёши катта мураббий эди. У фақат 4-3-3 схемасини 4-2-3-1 схемасига ўзгартирди, аслида бу схемалар ўртасида катта фарқ йўқ, фақат иккинчисида таянч ярим ҳимоясига урғу берилади. Аммо савол туғилади, Де Йонг савиясидаги кучли таянч ярим ҳимоячиларисиз буни қўллашдан нима наф?

Ростдан ҳам Нидерландияда нафақат футболчилар, балки мураббийлар борасида ҳам етишмовчилик мавжуд. Бутун дунёга мураббийларнинг «экспорти» билан ном қозонган юртда терма жамоага ҳатто немис мураббийи Рожер Шмидтнинг тайинланилишига сал қолганди. Ҳамма рад этди: Куман «Эвертон» билан банд эди, Петер Бош «Аякс»даги чала ишларини тугатишни истади, ҳатто «Ал-Жазира»да ишлаётган Ҳенк Тен Кате ҳам терма жамоани бошқаришдан бош тортганди. 

Келажакда бу мураббийлардан фақат Роналд Куман ва Петер Бош терма жамоада ўзгариш қила олиши мумкин. Чунки, бу мураббийлар тотал футбол асири бўлиб қолишмаган. Масалан, Бошни ўтган йили кўпчилик «Аякс»дан 3-5-2 схемасини қўллаганида танқид қилган эди, аммо кейинчалик, жамоа бу тактика билан Европа Лигаси финалигача ҳам борди, мураббийнинг ўзи эса, ғояларини Дортмундда синаб кўришни бошлаб юборди.

ҒОЯСИЗЛИК

80-йиллардаги чемпион Ринус Михелс тактик даҳо эди. Кройф ҳам. У тотал футболни кашф қилган, янги амплуа яратган ва ўнг оёқдан фойдаланадиган футболчилар ўнг қанотда, чапақайлар чап қанотда ўйнаши керак, деган ғояни илгари сурган эди. Аммо у ҳеч қачон жисмоний тайёргарликка зўр бериш тарафдори бўлмаган – «яхши ўйинчи кучли бўлиши шарт эмас» – деганди бир вақтлар Йоҳан Кройф. Лекин тактик билим жуда зарур бўлган. 70-йиллар учун бу ғоялар ўзига яраша ажойиб ва революцион бўлгани аниқ. Нидерландияликлар жаҳон чемпиони бўлишмаса-да, узоқ йиллар бу мамлакат футболи дунёда ғоявий етакчилик қилди. Пешқадамликнинг эса, ўзига яраша оқибатлари бор.

Ҳамманинг нигоҳи Амстердамга қаратилган, мураббийлар нидерландиялик мураббийлар қўлёзмалари асосида ўз футболини қураётган бир пайтда Амстердам жойида туриб қолди. Ишлаб турган тизимга тегиш шартми?

«Биз узун давр мобайнида ухладик» – дейди Рууд Гуллит – «ҳамма биз томонга қарар, биздан ўрнак олар, биз эса ғурурланиб туравердик. Бу давр мобайнида бошқа мамлакатлар ўз услубларини ривожлантира боришди, кичик давлатлар эса яхши ҳимояланишни ўрганиб олишди».

Мисол ўлароқ, Гвардиоланинг «Барселона»сини келтириш мумкин, айнан голланд футболи асосида ўйин қурган испаниялик мураббий қўшимча сифатида юқори ва тезкор прессинг элементларини ривожлантирди – бу услуб Испания терма жамоасига бир нечта йирик ғалабаларни олиб келди, испан футболи дунёда урфга кирди.

Энди пешқадам эмас, эргашувчи мақомга ўтишга Нидерландия футболи қанчалик тайёр? Узоқ йиллардан буён ўзига мос ва хос бўлган ғоялар остидан эргашган тизим учун бошқа муваффақиятли йўналишларга мослашиш қандай кечади?

Очиғи, Нидерландия терма жамоасини Россия-2018 да кўришдан кўра, яқин йилларда мана шу саволларга жавоб олиш қизиқроқ туюляпти менга. Сизгачи?

Қаҳрамон Асланов тайёрлади